Колумбияда инқилобий қўлланма кучларининг (FARC) собиқ аъзоларидан ташкил топган Estado Mayor Central (EMC) гуруҳига қарши ўтказилган ҳарбий операция давомида 25 киши йўқ қилинди.
Маҳаллий ОАВ хабар беришича, ҳарбийлар ва полиция президент Густаво Петро буйруғи билан Гуавиаре департаментининг қишлоқ ҳудудларида операция ўтказган. Жанглар давомида хавфсизлик кучлари орасида ҳалок бўлганлар ёки яраланганлар ҳақида маълумот берилмаган.
Колумбия мудофаа вазири Педро Санчес маълумотига кўра, бу сўнгги йиллардаги энг йирик ҳарбий амалиётлардан бири бўлиб, у “Иван Мордиско” лақаби билан танилган Нестор Грегорио Вера бошчилигидаги гуруҳларга қарши йўналтирилган.
Вазирнинг таъкидлашича, операция давомида 23 та милтиқ, 3 та миномёт, 62 та граната, 59 мингдан ортиқ турли калибрдаги ўқ-дорилар ва 50 та мина қўлга олинган.
“Қуролли кучларимиз ва миллий полициямиз сўнгги йиллардаги энг ҳал қилувчи амалиётлардан бирини амалга оширди. Бу халқимиз ва хавфсизлик тизимимизга қарши таҳдидларга қаттиқ жавоб бўлди”, — деди Санчес.
Унинг сўзларига кўра, Гуавиаре ҳудудидаги гуруҳлар мажбурий кўчириш, одам ўғирлаш, товламачилик, террор ҳужумлари ва вояга етмаганларни ҳарбий гуруҳларга жалб қилиш билан шуғулланган.