Халқаро инсонпарварлик ташкилоти — Mercy Corps Кобулда яшовчи етти миллион аҳоли ҳаёт учун хавфли даражадаги сув танқислигига дуч келаётганини огоҳлантирди.
Ташкилот маълумотига кўра, шаҳардаги чуқур қудуқларнинг ярми аллақачон қуриб қолган. Агар ҳозирги ҳолат ўзгармаса, Кобул 2030-йилга бориб бутунлай сувсиз қолиши мумкин.
Сўнгги ўн йил ичида Афғонистон пойтахти ер ости сувлари сатҳи 30 фоизга тушиб кетгани қайд этилган. Бунга асосий сабаб сифатида шаҳарнинг тез суръатларда кенгайиши ва кучайиб бораётган иқлим инқирози кўрсатилмоқда.
Мутасаддиларнинг таъкидлашича, ушбу шароитда Кобул дунёдаги биринчи катта шаҳар бўлиб, бутунлай сувдан қуриб қолиши мумкин.
The Guardian нашри ёзишича, ҳозирда Кобулда ер ости сувлари йилига 44 миллион куб метр ҳажмда чиқариб олинмоқда, бу эса табиий равишда тикланиш тезлигидан анча юқори. Агар бундай давом этса, шаҳарнинг сув захиралари беш йил ичида бутунлай қуриб қолади ва бу Кобул аҳолисига ҳаёт-мамот таҳдиди солади.
Mercy Corpsнинг Афғонистондаги раҳбари Дейн Карри вазиятнинг долзарблигини урғуллади:
“Бу ҳолатни жиддий ҳужжатлаштириш ва халқаро эътиборни бу муаммони ҳал қилишга жалб қилиш бўйича қатъий ҳаракат бўлиши керак.
Сув йўқ бўлса, одамлар яшаш жойларини тарк этади. Шунинг учун халқаро ҳамжамият Афғонистонда сув муаммосини эътиборсиз қолдирса, бу янада кўпроқ миграция ва одамлар учун оғирликларга олиб келади.”
Карри шунингдек, Афғонистондаги сув инфратузилмаси асосан хорижий ёрдамга боғлиқлигини, бироқ бу маблағлар Толибон ҳокимиятга қайтгач музлатиб қўйилганини таъкидлади.
The Guardianга кўра, Кобулдаги ер ости сувларининг 80 фоизи ичишга яроқсиз — уларнинг аксарияти канализация чиқиндилари билан ифлосланган. Сувга етиб бориш ҳар куни аҳоли учун курашга айланиб қолган. Баъзи оилалар сувга ойлик даромадининг 30 фоизигача сарфламоқда, аҳолининг учдан икки қисми сув харажатлари туфайли қарзга ботган.
Кобулнинг Хайр Хона туманидаги ўқитувчи Назифа The Guardian’га қуйидагиларни айтди:
> “Афғонистон кўплаб муаммоларга дуч келмоқда, лекин сув танқислиги энг оғирларидан бири. Ҳар бир хонадон қийналмоқда, айниқса даромади паст бўлганлар. Энди ичиш учун сифатли қудуқ суви деярли йўқ.”
Бу орада баъзи хусусий компаниялар вазиятдан фойдаланиб, янги қудуқлар қазимоқда ва жамоат сув ресурсларини тортиб олиб, уларни юқори нархларда сотмоқда. Назифа яна шундай дейди:
> “Авваллари ҳар 10 кунда сув танкерлари орқали идишларимизни тўлдириш учун 500 афғоний тўлардик. Энди шу миқдордаги сув 1 000 афғоний турмоқда.”
Кобул аҳолисининг сони 2001-йилдаги бир миллиондан ҳозирги кунда етти миллиондан ошган, бу эса сувга бўлган талабни кескин оширган. Сўнгги йигирма йил давомида самарали бошқарув, тартибга солиш ва назоратнинг йўқлиги вазиятни янада оғирлаштирган.
2025-йил бошида БМТнинг Гуманитар ишлар бўйича координация бошқармаси (OCHA) сув ва санитария соҳасидаги дастурлар учун керакли бўлган 264 миллион доллардан атиги 8,4 миллиони етиб келганини маълум қилган.
Бундан ташқари, Толибон ҳокимиятга келганидан сўнг, 3 миллиард долларлик халқаро ёрдам — сув ва санитария лойиҳаларига ажратилган маблағ — музлатиб қўйилган.
Муқобил ечим сифатида Панжшир дарёсидан қувур орқали сув олиб келиш лойиҳаси таклиф этилган. Бу лойиҳа Кобулнинг ер ости сувларига қарамлигини камайтиради ва икки миллион аҳолига ичимлик суви етказиб бера олади. Лойиҳанинг лойиҳалаш босқичи 2024-йил охирида якунланган бўлиб, ҳозирда бюджет тасдиқланишини кутмоқда. Толибон бу 170 миллион долларлик лойиҳа учун инвесторлар изламоқда.
Сув ресурсларини бошқариш бўйича етакчи тадқиқотчи Нажибуллоҳ Садид огоҳлантиради:
“Бюджетларни кутиб бекор ўтирмаслигимиз керак. Акс ҳолда, биз орқага йўли бўлмаган фалокат томон ҳаракат қиляпмиз.”