"Украинанинг Шимолий Атлантика алянсига аъзолиги масаласи кўриб чиқилмаяпти, биз буни бир неча бор айтганмиз. Бу позицияни алянсга аъзо яна камида тўртта давлат қўллаб-қувватламоқда", — деди Трампнинг махсус вакили.
Келлогнинг айтишича, АҚШ ҳам, Украина ҳам ҳозирча Россия томонидан ўт очишни тўхтатишга доир таклифлар баён этилган меморандумни олмаган, бироқ у Киевни урушни тугатиш бўйича музокаралардан чиқмасликка чақирди. Шу билан бирга, АҚШ президентининг махсус вакили музокараларнинг асосий мақсади — ўт очишни тўхтатиш ва инсонларнинг ўлимига барҳам бериш эканини яна бир бор таъкидлади.
Келлогнинг маълум қилишича, 2 июн куни Истанбулда ўтказиладиган музокараларда АҚШ, Германия, Франция ва Буюк Британиядан хавфсизлик бўйича маслаҳатчилар ҳам иштирок этади. Россия эса навбатдаги музокаралар раундига яна Владимир Мединский бошчилигидаги делегацияни юборишини маълум қилган.
Reuters агентлиги маълумотларига кўра, Россия президенти Владимир Путиннинг Украинага қарши урушни тўхтатиш шартлари қаторида "Ғарб етакчиларидан NATO'нинг шарққа кенгайишини тўхтатиш ва Москвага қарши баъзи санкцияларни бекор қилиш мажбуриятини ёзма равишда олиш" талаблари ҳам мавжуд. Россия президенти Украина, Грузия, Молдова ва бошқа собиқ совет республикаларининг NATO'га аъзо бўлиши эҳтимолини расмий равишда истисно қилинишини ҳамда Киевнинг “нейтрал мақом”га эга бўлишини талаб қилмоқда.