2 сентябрга ўтар кечаси Россия армияси Украина ҳудудини 35 га яқин ракета ва 23 та учувчисиз самолёт билан ўққа тутди. Асосий зарба Киевга тушди. Бу ерда бир кеча-кундузда отишма натижасида камида икки киши яраланган. Ракеталардан бири Ислом маданият марказига келиб тушган.
"Россия маънавий ва инсоний қадриятларни менсимайди, ҳеч қандай дин ва эътиқодни ҳурмат қилмайди, у бизнинг барча жамоаларимизни ва ҳатто зиёратгоҳларни йўқ қилишга уриниб, украина халқига қарши курашни тўхтатмайди" - деди Украина президенти Владимир Зеленский.
2024 йил 1 сентябрь якшанба кунига тўғри келганлиги сабабли ўқув йили 2 сентябрда бошланди. Тунги отишмалар натижасида Киевдаги иккита мактаб зарар кўрган. Уларнинг деразалари портлашлар натижасида учириб кетган. Киев шаҳар маъмурияти ўққа тутилиши ўқув жараёнига таъсир қилмаганини маълум қилди.