1. Жанубий кўприк — Южный мост. Бу Киевнинг энг муҳим транспорт артерияларидан бири. У Днепрнинг икки қирғоғини боғлайди ва ундан ҳам автомобиллар, ҳам метро поездлари фойдаланади. 1–2 октябрь кунлари Россия дронлари унга камида 5 марта зарба берган. Кўприкнинг таянчи, йўл қисми ва метро йўли атрофидаги ҳимоя конструкциялари зарарланган. Натижада автомобиллар ва метро ҳаракати тўхтатилган.
2. Шимолий кўприк — Северный мост. Бу ҳам Киевнинг асосий кўприкларидан бири. У шаҳарнинг чап қирғоғидаги катта турар-жой массивларини ўнг қирғоқ билан боғлайди. 3 октябрь куни ҳам Россиянинг реактив дрони кўприкка урилган. Йўл қопламаси ва троллейбус электр тармоғи зарарланган, ҳаракат вақтинча чекланган. Хабарларга кўра, икки киши жароҳатланган.
Нега Россия кўприкларни нишонга оляпти? Асосий мақсад, Киевни транспорт жиҳатдан қийин аҳволга солиш. Днепр Киевни шартли равишда иккига бўлади. Шаҳар аҳолисининг учдан биридан кўпроғи чап қирғоқда яшайди, аммо иш жойлари ва давлат муассасаларининг катта қисми ўнг қирғоқда. Шунинг учун асосий кўприкларнинг бир нечтаси ишламаса, тирбандлик ва ҳаракатда катта муаммо пайдо бўлади.
Кўприклар фақат оддий аҳоли учун эмас — транспорт, юклар, хизматлар ва ҳарбий таъминот ҳаракати учун ҳам муҳим. Шу сабабли улар уруш нуқтаи назаридан стратегик инфратузилма ҳисобланади.