Украина ва АҚШ Қора денгизда навигация хавфсизлигини таъминлаш, шунингдек, энергетика инфратузилмасига ҳужумларни тўлиқ тақиқлаш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида келишиб олди. Аввалроқ Оқ уй Вашингтон ва Москва ўртасидаги шундай келишув ҳақида хабар берган эди.
Ар-Риёддаги музокаралардаги Украина делегацияси раҳбари Рустем Умеров бу ҳақда Х ижтимоий тармоғида ёзган. “Барча томонлар Қора денгизда хавфсиз навигацияни таъминлаш, куч ишлатишни тўхтатиш ва тижорат кемаларидан ҳарбий мақсадларда фойдаланишнинг олдини олишга келишиб олдилар.
Умеровнинг таъкидлашича, Россия ҳарбий кемаларининг Қора денгизнинг шарқий қисмидан ташқарига ҳаракатланиши бу келишув руҳини бузиш сифатида баҳоланади ва Киев томонидан Украина миллий хавфсизлигига таҳдид сифатида кўрилади.
Бундан ташқари, у томонлар денгиз ва энергетика бўйича келишувларни амалга оширишни қўллаб-қувватлаш учун учинчи давлатларнинг жалб этилишини олқишлашини таъкидлади. Қўшма Штатлар ҳам маҳбуслар алмашинуви ва тинч маҳбусларнинг озод этилишини қўллаб-қувватлашини тасдиқлади.
“Келишувларни самарали амалга ошириш учун имкон қадар тезроқ қўшимча техник маслаҳатлашувлар ўтказиш, уларни амалга ошириш, мониторинг ва назорат қилишнинг барча тафсилотларини келишиб олиш муҳим аҳамиятга эга”, — дея хулоса қилди вазир.
Эслатиб ўтамиз, 24 март куни Ар-Риёдда Россия ва АҚШ вакилларининг учрашуви бўлиб ўтган. Ундан аввал, 23 март куни у ерда АҚШ ва Украина делегациялари ўртасида музокаралар бўлиб ўтган эди. 25 март куни Киев ва Вашингтон Саудия Арабистони пойтахтида музокараларнинг янги босқичини ўтказди.