Politico хабарига кўра, Украина Европа Комиссиясидан Венгрия ва Словакияга нефть етказиб бериш логистикасини ташкил этишда ёрдам сўраган. Гап “Дружба” қувури орқали таъминотни тўхтатиш бўйича билдирилган ултиматумга жавоб ҳақида бормоқда.
Киев нефтьни бошқа қувурлар ёки Қора денгиз портлари орқали транзит қилишни таклиф этмоқда. Украина қонуний чекловлар доирасида нефть етказиб беришга тайёрлигини билдириб, Европа Комиссиясини логистика масаласида кўмакка чақирган.
Шу билан бирга, шикастланган қувурни таъмирлаш ишлари кечаю кундуз давом этаётгани маълум қилинди. Муҳандислик ишлари учун вақт ва ускуналар зарурлиги таъкидланмоқда.
Аввалроқ Словакия бош вазири Роберт Фико 23 февралга қадар “Дружба” қувури орқали Россия нефти оқими тикланмаса, Украинага электр энергияси етказиб бериш тўхтатилишини айтган эди. Венгрия бош вазири Виктор Орбан ҳам шундай эҳтимол ҳақида баёнот берган. Венгрия Украинага дизель ёқилғиси етказиб беришни тўхтатгани ва ЕИнинг 90 миллиард евролик кредитига тўсқинлик қилгани маълум қилинган.