Бугун 24 ноябрь, 2024 йил, якшанба

O'ZB

Карантин даврида ахборот тизимларидан мақсадли фойдаланиш жуда муҳим

Карантин даврида ахборот тизимларидан мақсадли фойдаланиш жуда муҳим

 “COVID-2019” вирусини олдини олиш бўйича жорий этилган карантин даврида амал қилувчи “ўзини яккалаш” (само изоляция) ҳаёт тарзида “интернетдан фойдаланиш” аҳолининг уйдан чиқмасдан шуғулланиши мумкин бўлган машғулотларидан бири бўлиб қолди.

Бугунги глобаллашув даврида жамиятдаги ҳар бир шахснинг ахборот олишга бўлган эҳтиёжи ортгани сари бутун жаҳон ахборот маконидаги маълумотлар ҳам шунга мувофиқ шаклланиб, ўсиб бормоқда. Бу борада бутун жаҳон ахборот макони ҳисобланган интернет тармоғидаги веб-маълумотлар базаси ва улардан фойдаланувчилар аудиторияси ҳам борган сари ошиб бормоқда.

Статистик маълумотларга тўхталадиган бўлсак, йил бошидан бутун дунёнинг 4,5 млрд. дан кўп аҳолиси томонидан интернетдан фойдаланилди ҳамда шундан 3,8 млрд. ижтимоий тармоқ фойдаланувчиларига тўғри келади (“web-canape.ru” сайтининг 18.04.2020 й.даги маълумотларига асосан).

Шунингдек, “sof.uz” веб-сайтида келтирилган маълумотларга асосан, жорий йилда Интернет хизматидан фойдаланувчилар сони 22 млн.дан ортганлигини, шундан мобил Интернет фойдаланувчилари сони 19 млн.ни ташкил этганини кўрсатиш мумкин.

Мамлакатимизда фуқароларнинг ахборотга бўлган ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлашга қаратилган ташкилий-ҳуқуқий асослар базаси ишлаб чиқилган бўлиб, уларга асосан ҳар шахснинг қонун доирасида тегишли маълумотлардан фойдаланиши мумкин. Хусусан, ушбу ҳуқуқий асослардан бири сифатида Ўзбекистон Республикасининг 1997 йил 24 апрелдаги “Ахборот олиш кафолатлари ва эркинлиги тўғрисида”ги ва 2003 йил 11 декабрдаги “Ахборотлаштириш тўғрисида”ги қонунлари, Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирининг 2018 йил 21 майдаги “Маълумотларни узатиш тармоғи, шу жумладан интернет хизматларини кўрсатиш қоидаларини тасдиқлаш тўғрисида”ги 173-сон буйруғини келтириш мумкин.

Хусусан, Ўзбекистон Республикасининг “Ахборот олиш кафолатлари ва эркинлиги тўғрисида”ги Қонунига мувофиқ, мамлакатимизда ҳар бир фуқаронинг ахборот олиш хуқуқи кафолатланади ва ҳар кимнинг ахборотни излаш, олиш, тадқиқ этиш, узатиш ва тарқатиш ҳуқуқи давлат томонидан ҳимоя қилинади.

Ўзбекистон Республикасининг “Ахборотлаштириш тўғрисида”ги Қонунига кўра, ахборот ресурсларидан фойдаланувчилар ахборот ресурсларидан эркин фойдаланишда тенг ҳуқуқларга эга, эркин фойдаланилиши чеклаб қўйилган ахборот ресурслари бундан мустасно.

Мазкур Қонуннинг 121-моддасида веб-сайтнинг ва (ёки) веб-сайт саҳифасининг эгаси, шу жумладан блогер ҳамма эркин фойдаланиши мумкин бўлган ахборот жойлаштириладиган Интернет жаҳон ахборот тармоғидаги ўз веб-сайтига ва (ёки) веб-сайт саҳифасига ҳамма эркин фойдаланиши мумкин бўлган ахборотни жойлаштиришдан аввал унинг тўғрилигини текшириши, шунингдек жойлаштирилган ахборотнинг нотўғрилиги аниқланган тақдирда уни дарҳол ўчириб ташлаши шартлиги белгиланган.

Шу ўринда бир нарсани алоҳида таъкидлаш ўринли, яъни коронавирус пандемияси даврида давлат томонидан мавжуд бор эътибор ва сай-ҳаракатлар мамлакатда “соғлом муҳит” ва “молиявий ва иқтисодий барқарорлик”ни сақлаб қолишга қаратилган бир вақтда ҳамда  аҳолини “уйдан чиқмасдан” кўп вақтини интернет тармоғида ўтказиши, диний-экстремизм ва терроризм ҳамда бошқа бузғунчи ғоялар тарғиботчилари таъсири тушиб қолишининг эҳтимоли юқори. 

Бунда, диний-экстремизм ва терроризм оқимига тушишга мойиллиги юқори бўлган аҳоли тоифаси (вояга етмаган ёшлар, олий маълумотга эга бўлмаган фуқаролар, муқаддам судланганлар, пулга муҳтож бўлган вақтинча ишсизлар) бузғунчи ғоя тарғиботчилари томонидан айнан интернет тармоғи орқали ўзларига кенг жалб этилиши мумкин. 

Шулардан бири сифатида, вояга етмаган ёшларни “кибербуллинг” деб аталган ҳамда бугунги кунда оммалашган интернет таҳдидига йўлиқишидир. “Кибербуллинг” тушунчасига тўхталадиган бўлсак,  ушбу тушунча “электрон заҳарлаш” маъносига эга. Яъни, бу заҳарлашни шундай бир турики, муайян гуруҳ ёки шахс томонидан қасддан электрон воситалар(интернет, смс, ижтимоий тармоқлар)дан фойдаланган ҳолда маълум вақт давомида ва тизимли равишда агрессив ҳаракатларни амалга оширишидир.

Бунга мисол сифатида, шахсни қўрқитиш ва руҳий камситиш, жисмоний ва руҳий террор қилиш. Шунингдек, “Кибербуллинг” интернет ва бошқа ижтимоий тармоқлардан фойдаланган ҳолда вояга етмаган ёшларни агрессияга ва бошқаларни ҳақорат қилишга даъват этувчи ахборотлардир.

Пандемия даврида “уйдан чиқмаган ҳолда” ота-оналар ўз фарзандларини шундай турдаги кибер-таҳдидлардан ҳимоя қилишлари, уларнинг электрон қурилмаларини тизимли равишда назорат қилишлари лозим.

Шу билан бирга, ўқувчи-талаба ёшларга интернет ва ижтимоий тармоқларидан ўринли ва оқилона фойдаланишни, маълумотлар билан ишлашда уларнинг мазмунини танқидий таҳлил қилишни ривожлантириш муҳим аҳамиятга эга.

Хулоса ўрнида, коронавирус пандемияси даврида “уйда ўтирган” ва бўш вақтининг аксарият қисмини интернет ва ижтимоий тармоқларда ўтказувчи аҳолини четдан келувчи ҳар хил ёт-бузғунчи ғоялар таъсирига тушиб қолишини олдини олиш мақсадида, ваколатли давлат идоралари томонидан ОАВ, интернет ва ижтимоий тармоқлар орқали ҳуқуқий тарғибот тадбирлари ўтказилишини кучайтириш ҳамда интернет ва ижтимоий тармоқлардаги қонунга зид бўлган маълумотларни аниқлаш ва ўз вақтида “блоклаш” ҳаракатларини аҳолига масофавий-тушунтириш ишларини амалга ошириш мақсадга мувофиқ.

 

Дилдора БАЗАРОВА,

Тошкент давлат юридик университети

профессори

Киритилди: 15:04 22.04.2020. Ўқилди: 3459 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!