Канаданинг Вуд Буффало муниципалитетининг минглаб аҳолиси минтақани қамраб олган ўрмон ёнғинлари туфайли эвакуация қилинмоқда.
CBC News хабарига кўра, Форт-МакМюррей ҳудудида ёнғинлар бошланганидан кейин минтақада «маҳаллий фавқулодда ҳолат» эълон қилинган.
Хусусан, Вуд Буффало муниципалитети ўрмон ёнғинлари майдони 21 минг гектарга етган ва ёнғин аҳоли пунктларига яқинлашганидан сўнг, Форт-МакМюррей, Беакон Хилл, Абасанд, Праир-крик ва Грейлинг терраси каби ҳудудларни эвакуация қилишни буюрди.
Минтақавий ёнғин бўлими бошлиғи Жоди Бутс журналистларга эвакуация қарори 6000 га яқин одамга таъсир қилишини айтди. Бутс ўрмон ёнғинларига қарши курашиш учун етарли ресурслар мавжудлигини, бироқ минтақа аҳолиси хавф-хатардан ҳимояланган бўлиши кераклигини таъкидлади.