Бугун 2 апрель, 2020 йил, пайшанба

O'ZB

Жума намозини уйда адо этиш мумкинми? Ўзбекистон Мусулмонлари идораси изоҳ берди

Жума намозини уйда адо этиш мумкинми? Ўзбекистон Мусулмонлари идораси изоҳ берди

 Ўзбекистон Мусулмонлари идораси Уламолар кенгаши фатвоси билан жорий йилнинг 17 мартидан беш вақт жамоат намозлари ва жума намозига жамланмаслик, балки намозларни уйда адо этиш вақтинча жорий этилди. Бироқ, бу янги саволни келтириб чиқарди: жума намозини 3-4 киши уйда ўқиб олиш мумкинми? Мусулмонлар идораси раиси биринчи ўринбосари мазкур саволга жавоб берди.

2020 йил 16 мартдан эътиборан Ўзбекистонда коронавирус – COVID 19 тарқалишининг олдини олиш чораси сифатида карантин ҳолати жорий қилинди. Шу боис, Ўзбекистон Мусулмонлари уламолар кенгашининг фатвоси билан 5 вақт жамоат намози ҳамда жума намозини масжидларда ўқиш вақтинча тўхтатилди. Эндиликда, мусулмон аҳолида жума намозини уйда уйда ўқиб олиш мумкинми, деган савол пайдо бўлди. Ўзбекистон Мусулмонлари идораси ушбу саволга жавоб берар экан, жумладан қуйидагиларни эслатди.

«Эртага жума куни бўлиши муносабати билан: “Жума намозини уйда ўқисак бўладими?” – деган саволлар кўпайди. Ўзбекистон мусулмонлари идораси Уламолар кенгаши фатвосида ҳам жума намози ўрнига уйда пешин намози адо этилиши айтилган. Фиқҳий манбаларимизга мурожаат қиладиган бўлсак, жума намози дуруст бўлиши учун жума намозига давлат бошлиғи ёки унинг ўринбосари томонидан умумий рухсат (изни омма) бўлиши, жума намозини одамларга муфтий томонидан тайинланган киши адо қилиб бериши керак.

Демак, жума намози уйда ўқилганда мана шу шартлар топилмайди, натижада намоз дуруст бўлмайди. Бу ҳақида муҳаққиқ олим Мулла Али Қори раҳимаҳуллоҳ: «Жумани адо қилиш учун умумий рухсат (изни омма) бўлиши шарт қилинган. Чунки жума – Ислом шиорларидан бири. Уни одамлар орасида очиқчасига қоим қилиш шарт бўлади», - деган.

Бу мавзуда Ибн Обидин раҳимаҳуллоҳ: «Умумий рухсат – жоме масжиди очилиб, одамлар киришига рухсат бўлишидир. Ҳатто, агар масжидда бир жамоат йиғилиб, эшикни ёпиб олиб жумъа намозини ўқисалар, намозлари дуруст бўлмайди», - дея таъкидлаган.

Ҳозирги шароитда ҳаммамиз иттифоқ бўлиб, шариатимиз кўрсатмаларига амал қилишимиз, Аллоҳ таолонинг синов-имтиҳонларидан гўзал суратда ўтишга ҳаракат қилишимиз лозимдир. Нафл ибодатлар, тиловати Қуръон, дуо-тасбеҳлар, қийин шароитда қолганларга хайру эҳсон қилиш каби Аллоҳ таолога хуш келадиган амалларни кўпайтирайлик. Бошимизга келган синовни ҳам савоб ишлаш учун ғанимат фурсат, деб билайлик. Шоядки, Аллоҳ таоло тез кунларда фазилатли, катта жамоатларда намозларни адо қилишни насиб айласа, халқимизга хотиржамликни қайтарса. Аллоҳ таоло дунё мусулмонлари, жумладан халқимиздан турли бало-офатларни узоқ қилсин! Омин!», - дейилади Ўзбекистон Мусулмонлари идораси очиқламасида.

Мусулмонлар идораси раисининг биринчи ўринбосари Ҳомиджон Ишматбековнинг Kun.uz мухбири билан суҳбатида таъкидлашича, доимий равишда жамоат ёки жума намозини адо этиб юрган банда узрли сабаб боис, уни адо эта олмаса, Аллоҳ таборака ва таоло унга жамоат ва жума намози савобини беравериши ҳақида ривоятлар ворид бўлган.

— Домла, илк саволимиз Ўзбекистон Мусулмонлари идораси уламолар кенгашининг фатвоси ҳақида. Кўпчилик намозхонларимизда жума намозини 3-4 киши бўлиб, уйда ўқиш мумкинми, деган мазмундаги савол пайдо бўлмоқда.

— Бисмиллаҳир роҳманир роҳиим! Алҳамдуллилаҳ, вассолату вассаламу ала расулиллаҳ! Ўзбекистон Мусулмонлари идораси уламолар кенгашининг фатвоси, халқимизни, мусулмонларни шу вабодан сақлаш мақсадида қабул қилинди. Бу нафақат бизнинг Ўзбекистонда, балки Ислом давлатлари борки, халқини шу офатдан эсон-омон сақлаш чораси қаторида барча жамоат тадбирлари сингари жамоат намозлари, ҳатто жума намозларини вақтинча тўхтатиб туриш бўйича қарорлар, фатволар эълон қилди.

Энди Биз бир нарсани тўғри тушунишимиз керакки, бу фатво деганда, жума намозлари, жамоат намозларни вақтинчалик тўхтатиш, ёлғиз уйларда ўқишлик тавсияси беришлик – бу ҳамма учун. Жума намозини 3-4 киши бўлсак ҳам, уйда ўқиб олсак бўладими, деган саволлар бизларга ҳам берилмоқда. Бундан хабаримиз бор. Шу нарсани биз яна бир карра мўмин-мусулмонларга тушунтириб қўйишимиз керак бўладики, беш вақт намозни икки киши бўлса ҳам ўқиса, жамоат саналади, уйида, ўз оиласи билан жамоат бўлиб ўқиса, нур устига нур. Чунки, у одатий, кундалик намоз.

Аммо жума намозининг ўқилишида фақатгина жамоат ҳозир бўлишининг кифоя эмас. Унинг алоҳида шартлари бор. У катта бир жоме бўлиши керак. Энг муҳими, китобларимизда айтиладики, жума намози ўқишга давлат томонидан ва муфтий томонидан рухсат бўлиши керак. Ўша рухсат берилган жойдагина, жума намози адо қилинади, деган шартлари бор.

Агар шундай рухсат берилмаган жойда жума ўқилса-да, жумага ўтмайди, деган масалалар бор. Шунинг учун, фатвода очиқ-ойдин айтилиб қўйилдики, 3 киши, 4 киши эмас, 10 киши бўлса ҳам, келинг, бугун жума экан, унинг савобини топайлик, деб, жума намозини адо этса ҳам, у рухсатсиз ўқилган қаторига киради.

Пайғамбар алайҳиссолати вассаломнинг бир ҳадислари бор-да. «Соғлом одам, муқимликда қилаётган ибодатига Аллоҳ таоло қанча ажр берган бўлса, сафарга чиққанида ёки бемор бўлиб қолганида қилган ибодатига, соғлиғида, муқимлигида қилган мукаммал ибодатининг савоби берилади. Аллоҳ, намозни ўтириб ўқияпти, руку-саждасини тўлиқ қилмаяпти, шунинг учун, бунга ярим савоб бераман демайди. Чунки, банда ўз ҳолатидан келиб чиқиб ибодатини адо этмоқда.

Шунинг учун, хотиржам бўлишсинки, уйларида ёлғиз ўқиётган намозига, қани энди, масжид очиқ бўлса-ю, жамоатда ўқисам, деб ният қилиб турибдими, унга ўша 25та ёки 27та савобни беради. Чунки, банда ўз ихтиёри билан масжиддан ёки жумадан қолаётгани йўқ», — деди Ҳомиджон Ишматбеков.

 

Киритилди: 09:43 20.03.2020. Ўқилди: 1710 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!