Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) аҳоли учун хавф даражаси паст эканлигини маълум қилди. Бу баёнот АҚШда парранда гриппи ҳолати қайд этилганидан кейин айтилган.
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти матбуот котиби Маргарет Харрис Женевада журналистларга касаллик келтириб чиқарувчи H5N1 вируси одамлар ўртасида эмас, балки қушлар ёки чорва молларидан юқаётганини айтди.
— Инфекциянинг одамдан одамга кенг тарқалган юқиши кузатилмаган, — деди у.
— Луизианада вафот этган бемор 65 ёшдан ошган ва мавжуд маълумотларга кўра, сурункали касалликлардан азият чеккан, шунингдек, уй ва ёввойи қушлар билан бевосита алоқада бўлган, — деди Харрис.
Харрис Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) парранда гриппидан аҳоли саломатлигига таҳдид борлигига ишонмаслигини яна бир бор таъкидлади.
Айни пайтда Хитойда инсон метапневмовируси (hMPV) деб аталадиган респиратор вируснинг тарқалиши ҳам оммавий ахборот воситаларининг эътиборини тортди. Харриснинг таъкидлашича, бу инфекция ҳам жиддий хавф туғдирмайди.