Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) Исроил ҳарбийлари Ливанда оқ фосфордан фойдалангани ҳақидаги хабарларни текшираётганини маълум қилди. Бу ҳақда ЖССТнинг Ливандаги вакили доктор Абдинасир Абубакар брифингда айтди.
Унинг сўзларига кўра, ташкилот бу ҳақдаги хабарларни кўриб чиқмоқда ва касалхоналар билан алоқада. Бироқ ҳозирча оқ фосфор ёки бошқа кимёвий моддалардан жабрланганлар ҳақида тасдиқланган маълумот йўқ.
Хабарларга кўра, оқ фосфор қўлланиши мумкин бўлган ҳудудлардаги аҳоли эвакуация қилинган.
Маълумот учун, оқ фосфор инсон саломатлиги учун жуда хавфли бўлиб, жигар ва буйрак етишмовчилиги, марказий асаб тизими ҳамда юрак мушагига зарар етказиши, ҳатто ўлимга олиб келиши мумкин.
Эслатиб ўтамиз, Исроил ва «Ҳизбуллоҳ» ўртасидаги кескинлик 2 март куни Ливан гуруҳи Эрон билан бирдамликда Ҳайфа денгиз базасига ҳужум қилганидан кейин кучайган.
Ливан Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотига кўра, 9 март ҳолатига Исроил ҳужумлари оқибатида қарийб 500 киши ҳалок бўлган, 1313 киши эса яраланган.