Бугун 13 февраль, 2026 йил, жума

O'ZB

ЖССТ: Дунёда 95 миллион нафарга яқин бемор катарактадан азият чекмоқда

ЖССТ: Дунёда 95 миллион нафарга яқин бемор катарактадан азият чекмоқда

📋 Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти катаракта касаллиги бўйича янги ҳисоботини эълон қилди.

📊 Маълумки, бу хасталик кўз гавҳарининг хира тортиши билан намоён бўлиб, бора-бора беморда кўриш қобилияти бутунлай йўқолишига олиб келади. Ҳозир дунё бўйича 94 миллион нафардан ортиқ киши шу дарддан азият чекмоқда.

👁 Бу патологиянинг ривожланишига ёш ўтиши, ультрабинафша нурланиш, тамаки чекиш, қандли диабет, кортикостероид дори воситаларини кўп қабул қилиш каби омиллар сабаб бўлади.

🔬 Ваҳоланки, замонавий тиббиётда бу касалликнинг давоси аллақачон топилган. Хусусан, кам инвазив жарроҳлик амалиёти орқали катарактадан тез ва осон халос бўлиш мумкин. Бундай операциялар одатда 15 дақиқа давом этади ва энг самарали муолажа усули ҳисобланади.

❌ Шунга қарамай, жаҳонда катаракта туфайли кўриш қобилиятини бутунлай йўқотиш хавфи билан яшаётган беморларнинг қарийб ярми ҳанузгача зарур жарроҳлик ёрдамидан фойдалана ололмаяпти.

📈 Тўғри, кейинги 20 йил давомида катарактани даволашга қаратилган операциялар қамрови 15 фоизга ошган. Аммо бу кўрсаткич етарли эмас. Чунки, ЖССТ томонидан 2030 йилга қадар бундай амалиётлар кўламини камида 30 фоизга ошириш мақсад қилинган.

🏵 Мутахассислар фикрича, юқори технологик жарроҳлик хизматларини бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасаларигача тушириш, жойларда офтальмолог шифокорлар сонини ошириш ва даволаниш нархларини мақбуллаштириш зарур.

💫 ЖССТ ҳисоботида таъкидланганидек, ўз вақтида амалга ошириладиган операциялар орқали миллионлаб инсонларнинг кўриш қобилиятини тиклаш, ногиронликнинг олдини олиш ва уларнинг ҳаёт сифатини яхшилаш имконини беради.

‼️ Эслатиб ўтамиз, ҳозир юртимизда кўз гавҳарини алмаштириш билан боғлиқ бундай операциялар чоксиз ва кесмаларсиз, микроинвазив усулда амалга оширилиб, юзлаб беморларнинг қорачиқларига нур қайтмоқда.

Киритилди: Бугун 14:25. Ўқилди: 342 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!