🔎 Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти томонидан гипертония касаллиги бўйича янги ҳисобот эълон қилинди. Таҳлиллар 195 мамлакатдан олинган маълумотларга асосланган.
📊 Қайд этилишича, 2024 йилда дунё бўйича юқори қон босимидан азият чекаётганлар сони 1,4 миллиард нафарга етган. Бироқ уларнинг атиги бешдан бир қисми қон босимини дорилар ёки соғлом турмуш тарзи орқали назорат қилишга эришяпти, холос.
🩺 Ваҳоланки, гипертония — инсульт, инфаркт, буйрак касалликлари ва деменциянинг асосий сабабларидан бири. Шошилинч чоралар кўрилмаса, у йилига миллионлаб инсонлар умрига зомин бўлиши мумкин.
📈 Қолаверса, 2011–2025 йиллар давомида юрак қон-томир хасталиклари туфайли паст ва ўрта даромадли давлатлар 3,7 трлн. доллар миқдорида иқтисодий зарар кўрган.
🔎 Ҳисоботга кўра, 195 давлатдан 99 тасида гипертонияни назорат қилаётган беморлар улуши жуда кам — 20 фоизга ҳам етмайди. Иқтисодий ночор мамлакатларнинг бор-йўғи 28 фоизи ЖССТ тавсия этган дори-дармонлар билан тўлиқ таъминланган.
📍 Шунингдек, ўтган даврда Бангладеш, Филиппин ва Жанубий Корея тажрибаси гипертонияни барқарор назорат қилиш мумкинлигини кўрсатди.
✅ ЖССТ барча мамлакатларни қон босимини назорат қилишни кафолатланган тиббий хизматлар қаторига киритишга чақирди.
‼️ Эслатиб ўтамиз: гипертония — қон томирларининг нерв-функционал фаолияти бузилиши натижасида келиб чиқадиган касаллик. У асосан 40 ёшдан катталарда учрайди, лекин сўнгги йилларда ёшларда ҳам тез-тез кузатилмоқда. Бу дард сайёрамиздаги ўлим ва ногиронликнинг асосий сабабларидан биридир.