Жиззах шаҳридаги «Ўрда» истироҳат боғида аттракцион синиб кетиши оқибатида 4 киши жароҳатланди. Бу ҳақда Саноат, радиация ва ядро хавфсизлиги қўмитаси матбуот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, бахтсиз ҳодиса кеча, 10 июнь куни тахминан соат 21:44 да содир бўлган. «Ўрда» экологик маданият ва истироҳат боғидаги «Ниятжон нияти» МЧЖга тегишли бўлган, 2019 йилда ишлаб чиқарилган 16 ўриндиқли «Башня падения» аттракционида техник носозлик юзага келган.
Ҳодиса оқибатида жами 4 нафар фуқаро турли даражада тан жароҳати олиб шифохонага ётқизилган. Билдирилишича, ҳозирги вақтда жабрланганлар маҳаллий шифохона масъуллари назоратида.
Қайд этилишича, мазкур аттракционда навбатдаги техник кўрик 2025 йил 5 ноябрда ўтказилган. Ҳозирда ҳолат юзасидан мутасадди масъул органлар томонидан терговга қадар дастлабки ўрганиш ва суриштирув ишлари олиб борилмоқда.