П.Самадов (исми шарифи ўзгартирилган) эксперт сифатида ишлаб келиб, 2021 йил 13 июль куни йўл-транспорт ҳодисаси натижасида тан жароҳати олиб, экспертиза кўригига онаси Толипова Норхол Отабек қизи билан бирга келган, вояга етмаган Синдарова Ойгул Баходир қизининг танасидаги тан жароҳатларини кўриб, экспертиза кўригидан ўтказиб, била туриб ёлғон хулоса берганлик учун жиноий жавобгарлик тўғрисида огоҳлантирилган бўлсада, вояга етмаган Синдарова Ойгулнинг йўл-транспорт ҳодисаси оқибатида бош соҳасидан оғир тан жароҳати олиб, РШТЁИМ Жиззах филиалида даволаниб чиққанлигини билсада, Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг 2012 йил 1 июндаги “Суд-тиббий экспертиза бюросининг тузилмаларида экспертиза ва текширувларни ўтказиш қоидалари тўғрисида” ги 153-сонли буйруғи талабларини қўпол равишда бузиб, унинг касаллик тарихи ва бошқа тиббий хужжатларини талаб қилмасдан, Зомин тумани тиббиёт бирлашмасидан берилган тиббий маълумотномага асосланиб, вояга етмаган Синдарова Ойгулнинг танасидаги тан жароҳатларининг оғирлик даражаси бўйича “Соғлигининг бузилишига олиб келмаган енгил тан жароҳати” деб баҳонилиши тўғрисида ёлғон хулоса берган.
Мазкур иш бўйича тайинланган қайта комиссион суд-тиббиёт экспертизасининг хулосасида, “Вояга етмаган Синдарова Ойгулнинг танасидаги тан жароҳатлари яъни: бош мия ёпиқ жароҳати, калланинг энса ва чакка суякларининг ёриқли синиши. Бош миянинг лат ейиши билан, бош мия юмшоқ тўқималарининг лат ейиши чап қулоқ супраси ўнг елка чап билак соҳасидаги қонталашлар, ҳаракатда бўлган автоуловни олд бўртиб чиққан қисмлари билан уриб етказилганлиги, оғирлик даражаси бўйича ҳаёт учун хавфли бўлган оғир тан жароҳати гуруҳига киришлиги кўрсатилган.
Апелляция инстанцияси судида сўралган П.Самадов ўзининг айбига иқрорлик билдирмасдан кўрсатув берган бўлсада, унинг айби суд мажлисида сўроқ қилинган гувоҳларнинг кўрсатувлари, шунингдек, иш ҳужжатларида мавжуд бўлган тушунтириш хатлари, юзлаштириш баённомалари, суд тиббий экспертизасининг хулосаси, суд тиббий экспертизасининг қайта комиссион хулосасида, “вояга етмаган Синдарова Ойгулнинг танасидаги тан жароҳатлари яъни, бош мия ёпиқ жароҳати, калланинг энса ва чакка суякларининг ёриқли синиши, бош миянинг лат ейиши, бош мия юмшоқ тўқималарининг лат ейиши, чап қулоқ супраси, ўнг елка чап билак соҳасидаги қонталашлар, ҳаракатда бўлган автоуловни олд бўртиб чиққан қисмлари билан уриб етказилганлиги, оғирлик даражаси бўйича “ҳаёт учун хавфли бўлган оғир тан жароҳатлар” гуруҳига киришлиги ҳақидаги хулосаси ҳамда жиноят ишида тўпланган далиллар йиғиндиси билан тўлиқ ўз тасдиғини топди.
Суд томонидан П.Самадовга Ўзбекистон Республикаси ЖК 238-моддасининг 1-қисми билан ЖКнинг 45-моддасига асосан 1 йил муддатга суд тиббиёт экспертиза муассасаларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилиниб, 1 йил муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинланди.
Мазкур жиноят иши Жиззах вилоят суди апелляция инстанциясида кўрилиб, П.Самадовга нисбатан чиқарилган ҳукм ўзгаришсиз қолдирилди.
Анвар Хомидов,
Жиззах вилоят судининг судьяси