Полша пойтахтидаги Marywilska савдо марказидаги ёнғин 2024 йил 12 май куни содир бўлган эди. Ҳодиса натижасида ҳеч ким жабрланмаган, бироқ барча дўконлар бутунлай ёниб кетганди.
Полша бош вазири Доналд Тускнинг Х ижтимоий тармоғида ёзишича, ёнғин бўйича айбдорларнинг бир қисми қўлга олинган, қолганларининг шахси аниқланган ва қидирувда.
"Мазкур жиноят Россия Федерациясида яшаши аниқланган шахс томонидан уюштирилган ва бошқарилган", дейилади мамлакат адлия вазири Адам Боднар ва Ички ишлар вазири Томаш Семонякнинг қўшма баёнотида.
Полша махсус хизматлари тергов жараёнида Литва билан ҳамкорлик қилган, чунки Варшава маълумотларига кўра, жиноятчиларнинг бир қисми ушбу мамлакатда “чалғитувчи ҳаракатлар” билан шуғулланган.
Россия томони ҳозирча Полша махсус хизматларининг бу хулосаларига изоҳ бермади.