Бугун 15 январь, 2026 йил, пайшанба

O'ZB

Жиззахда Telegram орқали касал болалар учун сохта хайрия уюштирган шахс ушланди

Жиззахда Telegram орқали касал болалар учун сохта хайрия уюштирган шахс ушланди

Жиззахда интернет орқали болалар учун сохта хайрия уюштириб, фуқаролардан пул йиғиб келган шахс ушланди. Бу ҳақда Жиззах вилояти ИИБ матбуот хизмати хабар бермоқда.

Ушбу ҳолат Жиззах шаҳри Заргарлик маҳалласида яшовчи фуқаронинг ички ишлар органларига мурожаати орқали аниқланган. Фуқаро номаълум шахслар унинг фарзанди тасвирларини ижтимоий тармоқларга жойлаштириб, турли гуруҳларда эҳсон пули йиғишни йўлга қўйганини маълум қилган ва қонунбузарларга нисбатан чора кўришни сўраган.

Тезкор қидирув ва тергов ҳаракатлари давомида ушбу хатти-ҳаракатларни Тошкент вилояти Бўка туманида яшовчи 26 ёшли шахс содир этгани аниқланди. Маълум бўлишича, у 2025 йилнинг сентябрь ойида Telegram мессенжерида бир нечта аккаунт очиб, турли гуруҳларда аввал касалликка чалиниб, ҳозирда тузалиб кетган шахслар номидан тарқатилган расм ва видеоларни такрор жойлаштирган. Уларга ўзининг банк пластик карталари рақамларини қўшиб, фуқаролардан эҳсон пул йиққан. Тўпланган пул маблағларини эса шахсий эҳтиёжлар учун сарфлаган.

Ҳозирда ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 168-моддаси 3-қисми «б» ва «г» бандлари (Такроран ёки хавфли рецидивист томонидан ахборот тизимидан, шу жумладан ахборот технологияларидан фойдаланиб содир этилган фирибгарлик) билан жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Вилоят ИИБ фуқаролардан ижтимоий тармоқларда тарқатилаётган ҳар қандай ёрдам сўровларига нисбатан ҳушёр бўлишни, шахсий маълумотлар ва молиявий воситалардан фойдаланишда эҳтиёткорликка риоя этишни сўради.

Киритилди: Бугун 14:57. Ўқилди: 309 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!