Эксперт уролог, андролог Дилмурод ЭРГАШЕВ:
Одатда, эркаклар бақувват овқатланишади. Егуликларнинг энг сараси ҳам айнан уларга тортиқ этилади. Лекин ҳамма ҳам эркаклар саломатлиги учун таомномада бўлиши зарур маҳсулотлар ҳақида билмаслиги мумкин. Шу боис эркаклар учун фойдали бўлган витамин ва минераллар ҳақида тўхталиб ўтамиз.
РУХ
Рух эркаклар саломатлиги учун энг керакли микроэлемент ҳисобланади. Чунки тестостерон молекулалари рухсиз юзага келмайди. Агар организмда рух микроэлементи йўқ бўлса, демакки, тестостерон ҳам бўлмайди. Тестостерон бўлмаса, эркакларда жинсий қувват кузатилмайди.
Рух сперматозоидларнинг ҳаракатчанлигини оширади ва простатитга қарши профилактик таъсир кўрсатади. Шунингдек, бу микроэлемент эркакларнинг ривожланиши, бўй ўсиши ва иммунитетини мустаҳкамлаш учун жуда зарурдир.
Ўзида рух сақловчи маҳсулотлар: анжир, балиқ (олабуға (окунь), гулмоҳи (форель), сельдь, сайра, лосось), буғдой кепаги, саримсоқпиёз, ёнғоқ, тухум сариғи.
Эркаклар учун рухнинг кундалик меъёри: 15 мг.
СЕЛЕН
Селен ҳам эркаклар учун жуда керакли минераллардан бири ҳисобланади. У эркакларнинг репродуктив фаолиятига ижобий таъсир кўрсатади.
Селен бепуштлик муаммосидан азият чекадиган эркакларга фойдали. У сперма сифатини оширади. Шунингдек, тестостерон биосинтезида иштирок этиб, жинсий аъзолар ишини яхшилайди.
Ўзида селен сақловчи маҳсулотлар: саримсоқпиёз, тухум, балиқ, қора нон, маккажўхори, помидор.
Эркаклар учун селеннинг кундалик меъёри: 55-70 мкг.
С ВИТАМИНИ
С витамини иммунитетни кўтариш билан бирга, қон томирлари эластиклигини оширади. Қон айланиши, айниқса, жинсий аъзода қон айланишини яхшилайди. Тестостерон синтезини кучайтиради. Простатитга қарши профилактик восита ҳисобланади.
Ўзида С витаминини сақловчи маҳсулотлар: карам, шу жумладан, тузланган карам, цитрус мевалар (лимон, апельсин, мандарин, грейпфрут), кўк пиёз, петрушка, сабзи.
Эркаклар учун С витаминининг кундалик меъёри: 100 мг.
Е ВИТАМИНИ
Е витамини ҳужайралар янгиланишига ёрдам беради, уларнинг чидамлилигини оширади, капиллярлар ўтказувчанлигини меъёрлаштиради, жинсий аъзоларда қон айланишини яхшилайди.
Ўзида Е витаминини сақловчи маҳсулотлар: балиқ ва ўсимлик ёғи (зайтун ёғи, кунгабоқар ёғи, маккажўхори ёғи), тухум сариғи, сельдерей, кўк пиёз.
Эркаклар учун Е витаминининг кундалик меъёри: 30 мг.
В ГУРУҲИДАГИ ВИТАМИНЛАР
В гуруҳига мансуб витаминлар эркаклар жинсий гормони — тестостерон синтезини оширади. Жигарни ҳимоя қилади, инсон организмида рўй берадиган 15000 та биокимёвий жараёнда иштирок этади.
Ўзида В гуруҳидаги витаминларни сақловчи маҳсулотлар: ёнғоқ, сабзи, балиқ.
Эркаклар учун В витаминларининг кундалик меъёри: В6 витамини 2 мг, В12 витамини 2 мкг.
Юқорида санаб ўтилган фойдали маҳсулотларни кундалик таомномага киритиш орқали эркаклар жинсий қувватини мустаҳкамлаш мумкин. Бунда фақат меъёрга амал қилиш лозим. Шундай экан, буни ўзингиз ҳам бир синаб кўринг.
shifoinfo_official