Сўнгги пушаймон - ўзингга душман, дейишади. Лекин бу гапнинг моҳияти ҳар доим ҳам ўз вақтида англаб етилмайди. Жиноятнинг ҳам, жиноятчининг ҳам катта-кичиги бўлмайди. Уйига кадастр ходими сифатида кириб келган босқинчининг қўлидан Н.Қодировани бахтли тасодиф қутқариб қолди. Бу босқинчи ким эди, уни бундай қабиҳликка қўл уришига нима сабаб бўлди?
"Олмоқнинг бермоғи бор..."
Моддий томондан қийналиб қолган Р.Абдушукуров (исм-шарифлар ўзгартирилган)ўйлаб ўтирмай, ўртоқларидан, таниш-билишларидан қарз кўтарди. Олган пулларини эҳтиёжлари учун сарфлади. У пул олаётганда, шунча қарзни қандай қайтариш ҳақида ўйлаб ўтирмади, тобора қарз ботқоғиға ботиб бораверди. "Олмоқнинг бермоғи бор...", деганларидек, пул олган одамлари қарзни қайтаришни сўрашганда, босқинчиликни бу муаммодан қутулишнинг ягона йўли, деб ҳисоблади, жиноят кўчасига қадам қўйди...
"Жиноят қилишга дўстим ундади..."
Суд мажлижисида судланувчи Р.Абдушукуров эълон қилинган айбловларга тўлиқ иқрорлик билдириб, қуйидагиларни маълум қилди.
–Моддий томондан қийналиб қолганим сабабли таниш-билишларимдан каттагина миқдорда қарз бўлиб қолдим. Улар қарзни талаб қила бошлашди, мен эса пулим йўқлиги учун нима қилишни билмади. Бир куни танишим Ш.Шариповни учратиб қолдим. Унга вазиятни тушунтириб, пул бериб туришни илтимос қилдим. Бироқ у пули йўқлигини айтди. Мен ундан қаердан пул топиш мумкинлигини сўрадим. Шунда у Чилонзор туманида яшовчи таниши Ў.Сафаровнинг уйида ҳар доим катта миқдорда пул бўлишини маълум қилди. Унинг уйига кириб, босқинчилик йўли билан пулларга эгалик қилсам, 40 фоизи унга, 60 фоизи менга бўлишини айтди. Унинг бу таклифига рози бўлдим, чунки буни муаммони бартараф этишнинг ягона йўли, деб ўйладим. Шундан кейин Ш.Шарипов менга Ў.Сафаровнинг уйи қаердалигини кўрсатди. Дорихонадан ниқоб билан қўлқоп сотиб олдим ва кечки соат 18:00 ларда Ў.Сафаровнинг хонадони эшиги қўнғироғини босдим. Ичкаридан аёл кишининг овози эшитилди. Мен ўзимни кадастр хизмати ходими, деб таништирдим, хонадонларни текшириб юрибман, дедим. Бироқ аёл "Уйда турмуш ўртоғим йўқ, эшикни очолмайман", деб жавоб берди. Мен яна эшик қўнғироғини босдим, "Балконни кўздан кечирмасам, бўлмайди, ҳеч бўлмаса эрингизнинг телефон рақамини беринг, ўзи билан гаплашаман", дедим. Эрининг телефон рақамини бериш учун аёл – Н.Қодирова эшикни очганда, уйга бостириб кирдим. У қўрққанидан додлаб юборди. Мен аёлнинг оғзини қўлим билан беркитиб, ошхона пичоғини тескари томони билан бўйнига тирадим. Н.Қодировадан пул беришни талаб қилдим. Агар айтганимни қилса, жони омон қолишини айтдим. У рози бўлиб, бошини қимирлатди. Мен уни қўйиб юбормоқчи бўлганимда, яна бақиришни бошлади. Шу пайт уйга нотаниш эркак кириб келиб, мени ушламоқчи бўлди. Мен эса унинг қўлидан қутулиб, кўчага қочдим. Йўлда кетаётганимда Ш.Шариповга қўнғироқ қилдим. У билан кўришиб, бўлган воқеани айтиб бердим. Қўлимдаги ошхона пичоғини "Оқтепа" мавзеси яқинидан оқиб ўтувчи анҳорга ташладик. Кейинчалик қилмишимдан пушаймон бўлиб, ўзим ички ишлар бўлимига қўнғироқ қилдим. Мени бу жиноятни содир этишга Ш.Шарипов ундади...
"Бунда менинг айбим йўқ..."
Судда кўрсатма берган хонадон эгаси Ў.Сафаров бир пайтлар Ш.Шарипов унинг дўконида сотувчи бўлиб ишлаганини, савдодан тушган пулларни ўз эҳтиёжи учун сарфлаб юборганига уни ишдан бўшатиб юборганлигини маълум қилди. Унинг айтишича, хотини Н.Қодировани қўшниси Қ.Равшанов босқинчининг қўлидан қутқариб қолган. Буни судда жабрланувчи Н.Қодирова ва Қ.Равшановлар ҳам тасдиқлашди. Судланувчи Ш.Шарипов эса, айбини тан олмасликка, сувдан қуруқ чиқишга ҳаракат қилди. У гўёки Р.Абдушукуровни босқинчилик қилишга ундамаган, фақатгина Ў.Сафаровнинг уйида пул борлигини айтган, Р.Абдушукуров билан жиноий тил бириктирмаган.Бироқ суд унинг бу хатти-ҳаракатини жавобгарликдан қочиш ва унга тайинланиши мумкин бўлган муқаррар жазодан қутулиб, айбини енгиллаштириш мақсадида қилинган ҳаракатлар, деб баҳолади.
Ҳукм ўқилди
Судланувчилар Р.Абдушукуров ва Ш.Шариповлар Ўз.Р.ЖКнинг 164-моддаси 3-қисми “в” бандида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбли, деб топилдилар. Уларнинг ҳар бирига 10 (ўн) йилдан озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.
Жиноят ишлари бўйича Чилонзор туман суди судьяси Д.Дадаханова билан ҳамкорликда Лола ШОИМОВА тайёрлади