Бугун 24 апрель, 2024 йил, чоршанба

O'ZB

Жин чалиши ҳақида динимиз нима дейди?

Жин чалиши ҳақида динимиз нима дейди?

Ичига ёвуз руҳ кириб олибди , жин чалибди , деган гаплар халқ орасида учраб туради. Бундай одамларни эса жинлардан, уларнинг касофатидан халос қилиш ниятида турли маросимлар ўтказишади.

Малайзиянинг Букрит Мертажам минтақасида бундай маросим аянчли якун топди. Ичига жин кириб олган, деган гумонда етти нафар қариндоши ва хизматкори 3 яшар қизалоқни кўрпага ўраб, устига чиқиб олиб, жинни чиқаришга интилишади. 20 соат давомида ўтказилган бу амалда қизалоқнинг ота-онаси ҳам қатнашган. Воқеадан хабар топган полиция уйга бостириб киради ва қизалоқнинг устига 8 киши чиқиб олганига гувоҳ бўлади.Кўрпа орасидаги қизалоқнинг эса нафаси бўғилиб, аллақачон жони узилганди...

Ёнғоқ дарахтининг тагида ухлаб бўлмайди...ми?

Халқ орасида ёнғоқ, анжир, жийда дарахтлари билан боғлиқ турли уйдирмалар мавжуд. Исломда бу каби бузуқ фикрлар, турли тўқималарга ишониш, қалб хасталиги дейилади. Буни умумлаштириш шумланиш деб аталади. Шумланиш исломда ширкка тенглаштирилган гуноҳдир. Ҳадиси шарифда қуйидагича баён қилинади:

Абдуллоҳ ибн Масъуд(р.а.)дан ривоят қилинади:

Расулуллоҳ (с.а.в.): Шумланиш ширкдир! (бу сўзларни уч бора такрор айтдилар) Шумланувчилар биздан эмасдир, магар, қалбига беихтиёр келганлар бундан мустасно. Лекин Аллоҳ (қалбга беихтиёр келган хаёлни) таваккул билан даф қилади, дедилар. (Имом Абу Довуд ривояти).

Мўмин-мусулмонлар зарарни ҳам, фойдани ҳам Аллоҳдан деб билиши ва шундай эътиқод қилиши лозим. Фойда ёки зарарни турли дарахтлар ва шунга ўхшаш нарсаларга боғлаш дуруст эмас. Инсон қалбига келган беихтиёр ёмон ўй-хаёлларни Аллоҳга таваккал қилиб даволаш ва енгиш керак. Аллоҳ таоло Қуръони каримда марҳамат қилади: (Инсонга) бирор мусибат етган бўлса, албатта, Аллоҳнинг изни (иродаси) билангина (етур). Кимки Аллоҳга имон келтирса, (У) унинг қалбини тўғри йўлга ҳидоят қилур. Аллоҳ ҳар нарсани билувчидир . (Тағобун сураси, 11-оят)

Инсон бошига мусибат келса...

Ҳар бир ғам-андуҳ, мусибатни Яратганнинг иродаси билан бўлди, дея эътиқод қилиш керак. Ана шунда Аллоҳ одамларни тўғри йўлга бошлайди, қалбларига хотиржамлик солади.Турли нарсалар билан шумланган, ирим-сиримларга ишонган киши гуноҳкор бўлади. Ажабланарлиси шундаки, ирим-сирим, уйдирмалар аввалига инсонлар томонидан ўйлаб чиқилиб, сўнг ўзларини ваҳимага солади.

Ҳадиси шарифда, Расулуллоҳ (с.а.в.): Уч нарсадан менинг умматим ҳануз қутула олмайди. Бу ҳасад, бадгумонлик ва иримдир. Булардан қутулиш йўли шуки, ҳасад қилсангиз, зулмга ўтманг; гумону шубҳа қилсангиз, буни хақиқат деб ўйлаб, унга асосан иш тутманг; бирор ирим қилинадиган нарсага дуч келсангиз, Аллоҳга таваккул қилиб, йўлингизда ва ишингизда давом этаверинг! (Абу Яъло ривояти).

Шумланиш сабаб, хайрли мақсадларимиз сари ҳаракат қилишдан тўхтаб қолишимиз бу нодонликдир.

Жин ҳайдаш даромадми ёки зарурат?

Аллоҳ таоло ўн саккиз минг оламни яратди. Улардан бири инсонлар олами бўлса яна бири жинлар оламидир. Хўш, жин ўзи нима? У қандай махлуқот?

Мўмин-мусулмонлар жин деб аталувчи махлуқотнинг борлигига имон келтирадилар. Уларни оддий ҳолатларда кўриб бўлмайди. Биз улар ҳақидаги маълумотларни энг ишончли манбалар: Қуръони карим ва ҳадиси шарифлардан оламиз. Қуръони карим нозил бўлаётган пайтларда араб қабилалари жинларга худолар деб эътиқод қилишарди. Улар жинларнинг насаби Аллоҳ таолога етиб боради, Унинг жинлардан шериклари бор, деган бузуқ эътиқодга ҳам бўйсунишган.

Шунингдек, араблар Жинлар ғойибдан хабардор, фолбин ва мунажжимларга осмон сирларини айтиб туришади , деган ўйда эдилар. Арабларда жинларнинг ҳукми ер юзида ўтади, деган хомхаёл бўлиб, агар улардан бирорталари бирор жойга бориб, ётиб қолмоқчи бўлса, Ушбу жойнинг хўжайин жинидан паноҳ сўрайман , деган дуони ўқишарди.

Аллоҳ таоло жинларни тутунсиз оловдан яратган. Улар ўзлари кўринмай туриб, бизларни ва бошқа нарсаларни кўриши ва турли шаклларга киришлари ҳам мумкин. Шунингдек, улар ҳудди биз каби ирода ва ихтиёрли, илм ва маърифатга қобилиятли, иймон ва ибодатга таклиф қилинган ҳамда куфр ва исёндан қайтарилган махлуқотлардир.

Аллоҳ таоло Қуръони каримда: Жин ва инсни (инсонларни) фақатгина Менга ибодат қилишлари учун яратдим (Тур сураси, 56-оят), дейди.

Демак, жинлар ҳам инсонлар каби фақатгина Аллоҳга ибодат қилиш учун яратилган. Уларнинг орасида ҳам инсонлар каби иймонли-иймонсиз, яхши-ёмон, адашган ва ҳидоят топганлари бор. Қиёмат куни Аллоҳ таоло ҳудди биз каби уларни ҳам ҳисоб-китоб қилади. Имон келтириб, яхши йўлда юрганлари жаннатга, имонсиз бўлиб, ёмон йўлни танлаганлари дўзахга киради.

Аллоҳ таоло бизни Одам алайҳиссаломдан яратган. Жинларнинг отаси Иблис бўлади. Улар одамзотдан олдин яратилган. Айрим манбаларда одам яратилишидан олдин ер юзида етти минг йил давомида жинлар яшагани айтилади. Жинлар ҳам биз каби оила қуриб яшайди, ўзларидан насл қолдиради. Ейди, ичади ва ҳоказо.

Юқорида айтилган ҳар бир сўзимизга Аллоҳнинг каломи Қуръони каримдан далиллар келтириш мумкин.

Одам жисмига жинларнинг таъсири борми?

Юқорида айтилганидек, жинларнинг ҳам имонли яхшиси, имонсиз ёмони бўлади. Уламоларимиз имонсиз ёмон жинларнинг одамларга таъсири бўлиши мумкин, деб айтадилар. Бунда кўпинча, одамларнинг ўзлари айбдор бўлади. Жинлар ўзларига ишонадиганлар, васвасага учраганлар, Аллоҳ таолонинг зикридан узоқ ва Қуръони карим тиловатида ғафил бўлганлар, жинлардан сақланиш учун ўқиладиган дуоларни ўқимай юрганларга тегиши мумкин. Лекин бу одам жасадига жин кириб уни турли кўйларга солади дегани эмас.

Айрим инсонлар бемор бўлиб қолсалар, дарров табибликни даъво қилувчи жинкашлар , азайимхон ларга мурожаат қилишади. Уларнинг фикрича, бир суф дейиш билан ёки тумор қилиб бериш билан ёҳуд иситма-совутма қилиб бериш билан, ёки жин ҳайдаш билан бутун дарддан фориғ бўлишармиш. Ачинарлиси шундаки, гоҳида одамлар фарзандлари қулоқсиз, ахлоқсиз бўлиб кетаётганида ҳам худди шу йўлни тутяптилар. Гўё уларнинг муолажаси дан сўнг фарзанди итоатгўй, одоб-ахлоқли бўлиб қоладигандек. Тасаввур қилиб кўринг, агар бу амаллар ҳақиқат бўлса, ер юзида бирон бемор қолармиди, итоатсизлик битмасмиди? Демак, бундай хатти-ҳаракатлар зарурат эмас, мўмайгина даромаддир. Ҳатто жинкашликни ўзларига касб қилиб олганлар, халқ орасида фалончи жинкаш домла деган ном билан танилганлар ҳам бор.

Дам солиш нима?

Дам солиш Аллоҳ таолонинг каломи Қуръони каримни тиловат қилиш ва Аллоҳнинг исмларини айтиш ва Пайғамбаримиз(с.а.в.)нинг ҳадисларида келган дуоларни ўқиб паноҳ тилашдир. Ундан бошқа нарсаларни ўқиб дам солиш ислом таълимотига кирмайди. Дам солиш, бу касб эмас, балки мўмин бир мўмин биродари бемор бўлиб қолса, унинг ҳолидан хабар олиш ва агар биродари, Қуръон ўқиб дам солиб қўйишни сўраса, шундай қилиш ва унинг ҳаққига дуо қилиш, холос. Дам солишнинг энг афзали инсон ўзига-ўзи дам солишидир.

Жин кириб олибди, жин тегибди, деган ташвишлардан узоқ бўлиши учун инсон кундалик ибодатлардан ташқари, Пайғамбаримиз (с.а.в.) ўқиб юрган суралар ва дуоларни ўқиб юриши керак. Жумладан, эрталаб бомдод намозидан сўнг Фотиҳа , Оятал курси , Ихлос , Фалақ , Нас сураларини ўқиб юриш турли сеҳр ва кўз тегишидан сақлайди. Шунингдек, кечаси ухлашдан олдин ҳам худди шу сураларни ўқиб ўзига-ўзи дам солиб ётиш тавсия этилади.

Manba: zarnews.uz

Киритилди: 15:34 20.04.2019. Ўқилди: 21511 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!