Ўзбекистон миллий терма жамоаси ярим ҳимоячиси Азиз Турғунбоев Эрон билан ўйин олдидан журналистларнинг саволларига жавоб қайтарди.
"Жамоамиз билан яхши тайёргарлик кўрмоқдамиз, кайфият аъло даражада. Олдинда Эронни ютиб, алам оладиган вақт келди. Мухлисларга ажойиб ғалаба тақдим қилмоқчимиз",- дейди Азиз Турғунбоев.
- Ўтган ўйинда гол урдингиз...
- Ўтган ўйин яхши бўлди. Машғулотларда ҳам гол уришга кўпроқ эътибор қаратгандик. Мақсадимиз кўпроқ гол уриб, финалга чиқиш эди. Гол урдик, ғалаба билан барчани табриклайман.
- "Пахтакор"га келганингизда чап қанот ҳимоячиси сифатида ҳам ҳаракат қилдингиз. Терма жамоада ўнг қанотда ўйнамоқдасиз. Балки Тимур Кападзе сизни ҳужумга қўяр?
- "Пахтакор"да чапда тўп тепганимни сабаби бу қанотдаги футболчида жароҳат бор эди. Менга асосан ҳужумда ёки ярим ҳимояда ўйнаш қулай.
- Сиз учун қайси тактика қулай, орқада 3 нафар ҳимоячи ўйнаганими ёки 4 нафар?
- Тактикани мураббий танлайди, 4 талик ёки 3 таликда ҳам ўйинимиз яхши чиқмоқда.
- Жалолиддин Машарипов йўқ, терма жамоада кайфият учун ким жавобгар?
- Жалолиддин Машарипов машғулотдан ташқарида келиб кайфият кўтариб турибди. Бу ерда Шомуродов, Файзуллаев бор. Ҳаммада кайфият аъло даражада, финалга тайёрмиз.
- Эрон билан охирги ўйинларда кўп бор дуранг ўйнамоқдамиз. Эртага дуранг бўлса, пенальтилар серияси учун режа тузилганми?
- Албатта, пенальтилар серияси учун режамиз бор. Лекин уларни ўйинда енгишга ҳаракат қиламиз.