Сурхондарё вилояти Жарқўрғон туманидаги 2-сон техникумда ўқувчига нисбатан номақбул хатти-ҳаракат содир этган ишлаб чиқариш таълими устаси К. Э. Эрниёзов билан тузилган меҳнат шартномаси бекор қилинди. Бу ҳақда Касбий таълим агентлиги маълум қилди.
Маълум қилинишича, жорий йилнинг 30 сентябрь куни ўқувчининг отаси ушбу ҳолат юзасидан ички ишлар органларига мурожаат қилган. Ваколатли органлар томонидан олиб борилган суриштирув ишлари натижасида ҳолатга ҳуқуқий баҳо берилган ва суд қарорига мувофиқ тегишли жазо чораси қўлланилган.
Ҳолат аниқланганидан сўнг Касбий таълим агентлиги томонидан техникумда хизмат текшируви ўтказилган. Ўрганиш давомида воқеа сабаблари ва масъул ходимларнинг хизмат вазифаларини бажариши кўриб чиқилган.
Текширув натижаларига кўра, ёшлар билан ишлаш бўйича директор ўринбосари И. Чоршанбеев ҳамда психологи Я. Кенжаева лавозимидан озод этилган. Ўқув ишлари бўйича директор ўринбосари Д. Тилова, ишлаб чиқариш таълими бўйича директор ўринбосари Б. Умиров ва физика фани ўқитувчиси Г. Турдиевага эса ҳайфсан берилган.
Агентлик маълумотига кўра, Эрниёзов билан тузилган меҳнат шартномаси амалдаги қонунчилик ва агентлик директорининг хавфсиз ҳамда ҳурматга асосланган иш муҳитини таъминлаш тўғрисидаги буйруғига мувофиқ бир томонлама бекор қилинган.
Шунингдек, мамлакатнинг барча ҳудудларида ички ишлар органлари билан ҳамкорликда ўқувчилар ўртасида ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш ҳамда таълим муассасаларида хавфсиз муҳитни таъминлашга қаратилган профилактик тадбирлар ўтказилмоқда.
Касбий таълим агентлиги ўқувчиларнинг шаъни, қадр-қиммати ва шахсий дахлсизлигига тажовуз қилувчи ҳар қандай хатти-ҳаракатни қоралаб, бундай ҳолатларнинг олдини олиш бўйича назорат ва профилактика чоралари кучайтирилишини маълум қилди.