— Жорий йилнинг 7 январь куни кеч соат 00:40 лар чамасида бошқарувимда бўлган машинамни бошқариб келаётганимда вилоят ИИБ ЙҲХБ ходимлари томонидан спиртли ичимлик истеъмол қилганликда гумон қилиндим. Тиббий кўрикдан ўтишдан бош тортганим сабаб, менга нисбатан маъмурий баённома расмийлаштирилди. МЖтКнинг 136-моддаси 1-қисми билан 1 йил 6 ой муддатга транспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум қилиндим. МЖтКнинг 33-моддасини қўллаб, базавий ҳисоблаш миқдорининг 7 баравари миқдорида, яъни 1 561 000 сўм жарима жазоси тайинланди. Орадан шунча ой ўтди, жаримани тўлаб ҳайдовчилик гувоҳномамни қайтариб олсам бўладими?
Э.З., Қашқадарё вилояти
Мурожаатга Жиноят ишлари бўйича Янгиҳаёт туман суди судьяси Завқиддин Ярашевдан жавоб олдик:
— Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекси 343-моддасида махсус ҳуқуқдан маҳрум этиш муддатини қисқартишнинг асослари ва тартиби кўрсатилган. Унга кўра, шахс меҳнатга ҳалол муносабатда бўлиши ва намунали хулқ-атвори билан ўзини кўрсатган тақдирда, унга нисбатан жазо қўллаган жиноят ишлари бўйича суд бундай ҳуқуқдан маҳрум қилиш муддатини белгиланган муддатнинг камида ярми ўтгач корхона, муассаса, ташкилот маъмуриятининг илтимоси билан қисқаратиши мумкин.
Мазкур асос ва тартибларга Ўзбекистон Республикасининг 2021 йил
12 январдаги ЎРҚ-665-сонли Қонуни билан қўшимча киритилган. Уунга кўра, муайян муддатга транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум қилиш шахс тайинланган жаримани тўлаши шарт қилиб белгиланган.
Ўз навбатида, МЖтКнинг 344-моддаси тартибида транспорт воситалари ҳайдовчиларини мазкур ҳуқуқдан маҳрум этиш тўғрисидаги қарор чиқарилган кундан бошлаб, шундай ҳуқуқдан маҳрум этилган деб ҳисобланадилар.
Транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум этилган ҳайдовчи ҳайдовчилик гувоҳномасини топширишдан бош тортган тақдирда, бу ҳуқуқдан маҳрум этиш муддати гувоҳнома олиб қўйилган кундан бошлаб, лекин қарор чиқарган орган белгилаган маҳрум этиш муддати тугашидан кечиктирмасдан ҳисобланади.
Мазкур ҳолатда сиз, суд томонидан тайинланган жаримани тўлаган ҳолда, суд қарорига асосан 1 йилу 6 ой муддатга транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум қилинганлигингиз боис, қарор чиқарилган кундан, ёхуд агарда ҳайдовчилик гувоҳномасини топширишдан бош тортганлик ҳолатингиз мавжуд бўлган тақдирда, бу ҳуқуқдан маҳрум этиш муддати гувоҳнома олиб қўйилган кундан бошлаб, муддатнинг ярми яъни,
9 ой ўтгач, сиз ишлаётган корхона, муассаса ёки ташкилот маъмуриятини орқали яшаш жойингиздаги жиноят ишлари бўйича туман (шаҳар) судига мурожаат қилишингиз мумкин.