Йўл ҳаракати қоидабузарликларни жарима баллари асосида баҳолаш тизимини жорий этиш тўғрисида Ҳукумат қарори қабул қилинди.
Унга кўра, МЖтКдаги 12 та модда бўйича жарима баллари миқдори тасдиқланди.
Қарорга кўра, жарима баллари фақат ЙҲХХ инспектори томонидан бевосита расмийлаштирилган қарорлар асосида белгиланади. Бу дегани фото ва видеокамералар ҳамда радарлар орқали қайд этилган қоидабузарликлар учун жарима баллари ҳисобланмайди.
Бир йил давомида 12 баллдан ошиқ жарима бали йиғган ҳайдовчига маъмурий жазо қўллаш учун иши судга оширилади. Бунда қўшимча жазо тариқасида ҳайдовчи транспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум қилинади. Бундай ҳуқуқдан маҳрум қилиш муддати 6 ойдан кам бўлмаслиги керак.
12 ой давомида қоида бузмаган ҳайдовчиларга эса рағбатлантириш сифатида кейинги йилда содир этган биринчи қоидабузарлиги учун жарима ёзилмайди.
6 ой давомида қоида бузмаган ҳайдовчидан рағбатлантириш тарзида 2 жарима бали чегириб ташланади.