Бугун 14 апрель, 2024 йил, якшанба

O'ZB

Жанубий Кореяда туғилиш рекорд даражада камайган

Жанубий Кореяда туғилиш рекорд даражада камайган

Жанубий Кореяда жорий йил январь ойида туғилган болалар сони рекорд даражада пастлаган. Экспертлар фикрича, мамлакатда юзага келган демографик аҳвол аҳоли жадал кексайиб бориши, туғилиш кўрсаткичи тушиб кетиши билан боғлиқ хавотирни янада кучайтирди.

Статистика бошқармаси ҳисоботига кўра, январда дунёга келган 21 445 гўдак ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 7,7 фоиз кам. Умуман, бу ҳолат маълумот тўплана бошлаган 1981 йилдан буён қайд этилган энг паст натижа.

Корея Республикасида сўнгги йиллари туғилиш кескин камайди, дейди аҳолишунослар. Масалан, 2022 йил январда 1 фоизни ташкил этган манфий кўрсаткич 2023 йил январида 5,7 фоизга чиқди. Январь ойи мисолида 2000 йил 60 мингдан кўп бола туғилган, 2002 йил 50 минг чақалоқ дунёга келган, 2016 йил бу рақам 30 мингни ташкил этган. 2020 йилдан буён эса айни миқдор 20 минг атрофида кузатиляпти.

Ҳозир Жанубий Корея чуқур салбий демографик ўзгаришни бошдан кечирмоқда. Аксар ёшлар ўзгариб бораётган ижтимоий мезон ва ҳаёт тарзи туфайли уйланишни кейинга сурмоқда. Кўпчилик никоҳдан ўтмаяпти, фарзанд кўришни истамаяпти. Устига-устак, ёшлар турар-жой нархи ошиб кетгани, меҳнат бозорида кучли рақобат юзага келгани ва мамлакатда иқтисодий ўсиш сустлашгани боис турмуш қуришга унча рўйхуш бермаяпти. Натижада ўтган йил туғилиш аввалги йилга нисбатан сезиларли қисқарди ва аҳоли атиги 229 970 кишига кўпайди.

Мутахассислар фикрича, 2072 йилга бориб Жанубий Корея кексайиш даражаси энг юқори давлатга айланиши мумкин. Зеро, мамлакатда ўртача ёш 44,9 ёшдан 2022 йилга келиб 63,4 ёшга кўтарилди.

Киритилди: 06:15 03.04.2024. Ўқилди: 683 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!