Жанубий Корея Мудофаа вазирлиги Шимолий Корея ҳарбийларининг Курск вилоятига юборилиши БМТ Устави ва Хавфсизлик Кенгаши қарорларини бузаётганини маълум қилди, деб хабар бермоқда Yonhap.
Жанубий Корея ҳукумати Россия ва КХДРни "қонунга хилоф ҳарбий ҳамкорлик"ни дарҳол тўхтатишга чақирди, чунки бу "Ҳинд-Тинч океани минтақаси ва ундан ташқарида, жумладан Европада тинчлик ва барқарорликка жиддий зарар етказмоқда".
Шунингдек, Сеул Жанубий Корея миллий хавфсизлигига таҳдид соладиган ҳар қандай ҳаракатларга қарши барча зарур чораларни кўриш учун халқаро ҳамжамият билан яқиндан ҳамкорлик қилишни ваъда қилди.
Россия Бош штаби раҳбари Валерий Герасимов КХДРнинг жанглардаги иштирокини тасдиқлади ва Курск вилояти "тўлиқ озод этилгани" ҳақида маълум қилди. Пхенян ўз аскарларининг иштирокини "муқаддас вазифа" деб атади.
Путин Ким Чен Инга миннатдорчилик билдирди ва бу халқаро ҳуқуқ ҳамда стратегик шериклик тўғрисидаги шартномага мос келишини таъкидлади.
2024 йилда имзоланган шартнома томонларга ҳужум бўлган тақдирда ҳарбий ёрдам кўрсатиш мажбуриятини юклайди.