Жанубий Кореяда ўлимга олиб келадиган касалликка йўлиққан беморлар сони доимий равишда ўсиб бормоқда. Афсуски, муаммонинг бундан ҳам ачинарли бир томони бор: Миллий Ассамблея Соғлиқни сақлаш ва фаровонлик қўмитаси вакили Ким Ми Аэ тақдим этган маълумотга кўра, 2023 йил 77 720 нафар бемор умрни узайтирувчи тиббий муолажадан воз кечган, яъни ўз хоҳиши билан тезроқ ўлишни танлаган. Ушбу тенденция изчил ўсиш даражасини кўрсатди: даволанишдан воз кечган беморлар сони 2019 йилдаги 48 238 дан 2020 йил 54 942 га, 2021 йил 57 511 ва 2022 йил 63 921 га кўтарилди.
Корея Республикаси қонунида даволанишни тўхтатиш учун аниқ қадам талаб қилинади. Шифокор биринчи навбатда хаста кишининг умри охирлаб қолганини тасдиқлаши, шундан кейин бемор ёки унинг оила аъзолари муолажани тўхтатиш истагини билдириши лозим.
Бундай қарор бир неча восита орқали расмийлаштирилиши мумкин: бемор томонидан тўлдирилган олдиндан кўрсатма, бемор хоҳишига кўра, шифокор тайёрлаган парвариш режаси, оиланинг камида икки аъзоси баёноти ёки барча аъзолари келишуви.
Жанубий Кореяда 2009 йилгача хасталик ўлим жараёнига киргани, уриниш бефойдалиги ва азоб-уқубат чўзилишидан қатъи назар, шифокорлар даволашдан тўхтамасликка ундаб келинган. Ҳатто, ҳаёт давомийлигини таъминловчи тиббий ускунани олиб ташлашда иштирок этганлар жиноий жавобгарликка ҳам тортилган. Ўша йил Олий суднинг вегетатив ҳолатдаги кекса бемордан муайян асбобни узишга рухсат бериш тўғрисидаги қарори вазиятни бутунлай ўзгартириб юборди ва бу ҳолат кўп йиллик муҳокамага сабаб бўлди. 2018 йил февраль ойида ушбу саъй-ҳаракат ўлим соя солган пайт шахсга даволанишни рад этиш ёки тўхтатиш имконини берувчи қонун лойиҳаси ишлаб чиқилиши билан якунланди. Ҳозиргача айни танлов позицияси ўзгаришсиз қолмоқда.