Жанубий Корея президенти Ли Чжэ Мён Корея яриморолида тинчлик ва ҳамжиҳатликни таъминлаш мақсадида Шимолий Корея (КХДР) билан мулоқотни йўлга қўйишга тайёр эканини билдирди. Бу ҳақда The Korea Times хабар берди.
Президент Ли ўз лавозимига киришганига 30 кун тўлиши муносабати билан ўтказилган матбуот анжуманида сўзлаб, Пхеньян билан мулоқотни тўлиқ тўхтатиш "ақлдан озганлик" бўлишини таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, Шимол билан барқарор ва узоқ муддатли алоқаларни йўлга қўйиш зарур.
«Уруш вақтида ҳам дипломатия тўхтамайди. Бу бизга ёқмаса ҳам, эшитишга тайёр бўлишимиз керак», — деди у.
Давлат раҳбари Жанубий Корея конституциясида назарда тутилган тинч йўл билан қайта бирлашиш тамойилига содиқлигини билдириб, Сеул ва Пхеньян ўртасида ишончли мулоқот ва ҳамкорлик зарурлигини қайд этди.