Италияда қишки Олимпия ўйинларида АҚШнинг Иммиграция агентларини хавфсизликни таъминлашга жалб қилиш режаларига қарши норозилик кучаймоқда — CNN.
Телеканалнинг хабар беришича, норозиликлар Қўшма Штатларда иммиграция рейдлари давомида Миннеаполисда юз берган ўлим билан боғлиқ ҳодисалар фонида кучайди.
АҚШ Иммиграция ва божхона хизматини (ICEд жалб қилиш тўғрисидаги қарор Вашингтон томонидан Олимпия ўйинларга тайёргарлик доирасида қабул қилинган.
АҚШ Ички хавфсизлик вазирлиги CNN'га ICE вакиллари Италиядаги Олимпия ўйинларида хавфсизликни таъминлашини, аммо улар АҚШдан ташқарида иммиграция назорати билан шуғулланмаслигини таъкидлади. Вазирлик вакилининг сўзларига кўра, Homeland Security Investigations бўлими ходимлари АҚШ Давлат департаментининг Дипломатик хавфсизлик хизматини қўллаб-қувватлайди ва ўйинлардаги барча операциялар Италия расмийлари назорати остида бўлади.
Италия Ички ишлар вазирлиги ҳам ICE ходимлари рейдларда иштирок этадиган тезкор ходимлар эмас, балки фақат дипломатик миссиялар доирасида ишлайдиган терговчилар эканини тасдиқлади. Италия ташқи ишлар вазири Антонио Таяни америкалик мутахассислар кўчаларда патруллик қилмаслигини, балки мувофиқлаштириш марказларида ишлашини тушунтириб, норозиликни камайтиришга уринди.
Бироқ кўплаб италиялик сиёсатчилар бунга кескин қарши чиқди. Италиянинг собиқ бош вазири Жузеппе Конте ҳукуматни "ўз чегараларини ўрнатишга" ва Италияда ICE мавжудлигига йўл қўймасликка чақириб, АҚШдаги зўравонликдан кейин бундай тузилмалар мамлакатда хавфсизликни таъминламаслиги кераклигини айтди.
Милан мэри Жузеппе Сала янада кескинроқ муносабат билдирди. У ICE'ни "ўлдирувчи полиция" деб атаб, шаҳарга "бундай ёрдам керак эмаслигини" таъкидлади.