29 май куни Римда бўлиб ўтган «Марказий Осиё – Италия» вазирлар конференцияси доирасида Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазири ўринбосари Жусипбек Казбеков «Энергияга ўтиш ва глобал муаммолар» (сув, соғлиқ, атроф-муҳит ва барқарор қишлоқ хўжалиги) сессиясида иштирок этди.
Тадбирни Италия ташқи ишлар вазири ўринбосари Э.Чириелли кириш сўзи билан очди ва Ўзбекистон ҳукумати томонидан Орол денгизи бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилаётганини таъкидлаб, Италия ҳукумати Марказий Осиёдаги экологик ва сув муаммоларини ҳал қилишда ёрдам беришга тайёрлигини билдирди.
Ж. Казбеков ўз нутқида Янги Ўзбекистонни ривожлантиришнинг асосий тамойиллари, яъни «яшил» ривожланиш, қайта тикланувчи энергия манбалари (ҚEМ) улушини ошириш, экологик тоза транспортни жорий этиш ва 2030 йилгача яшил майдонларни республикалар ҳудудининг 30 фоизига етказиш ҳақида гапирди. Вазир ўринбосари экологик муаммоларни ҳал этишда илмий асосланган ёндашув зарурлигини инобатга олиб, Ўзбекистон Республикаси Президенти ташаббуси билан ташкил этилган Марказий Осиё атроф-муҳит ва иқлим ўзгаришларини ўрганиш университети ("Green University") негизида Италиянинг етакчи илмий муассасалари билан ушбу йўналишдаги ҳамкорликни оширишга тайёрлигини билдирди,
Ж. Казбеков трансчегаравий шароитда ижтимоий-иқтисодий ва экологик ҳолатга салбий таъсир кўрсатувчи Оролбўйи экотизимини тиклаш бўйича ишларни давом эттириш муҳимлигини таъкидлади.
Сессия давомида иштирокчиларга Марказий Осиёда сув хавфсизлиги, музликларнинг интенсив эриши, энергия хавфсизлиги ва углерод нейтраллигига эришиш учун яшил энергияга ўтишнинг аҳамияти ва бошқа экологик муаммолар ҳақида маълумот берилди.
Шунингдек, "Sogesid S.p.A" давлат инжиниринг компаниясининг бош ижрочи директори. Э.Стравато Марказий Осиё мамлакатларида иқлим ўзгаришининг олдини олиш, сув ресурсларини тежаш, чўлланишга қарши курашиш, биохилма-хилликни сақлаш, тупроқни тиклаш ва ижтимоий-иқтисодий тикланишга қаратилган лойиҳаларга эътибор қаратди.
Шу билан бирга, лойиҳаларни самарали амалга ошириш учун Рим университетлари ("Tor Vergata" va "La Sapienza"), халқаро молия институтлари ва "RemTech" (Ҳудудларни тиклаш, қайта тиклаш ва барқарор ривожлантиришга ихтисослашган Италия экологик технологиялар Маркази) билан яқин алоқалар ўрнатилади.
Сессия якунида Италия ҳамкорликни ривожлантириш агентлиги (AICS) ва "Sogesid S.p.A" давлат инжиниринг компанияси ўртасида Марказий Осиёдаги Орол денгизи ҳавзасида атроф-муҳитни тиклашга қаратилган декларация имзоланди.