Испания жиддий миграция инқирози марказида қолди. Вазият мамлакатнинг Италия билан муносабатларини ҳам сезиларли даражада мураккаблаштирди.
Шу ҳафта Африканинг шимолий соҳилида жойлашган Испаниянинг Сеута автоном шаҳрига Марокаш томонидан минглаб мигрантлар оқиб келди. 30 июль куни эрталаб шаҳарда бир неча кун ичида тахминан 1800 нафар ноқонуний мигрант рўйхатга олинган. Кейинги куни ҳам мигрантлар оқими давом этган.
Испаниянинг ТВЕ телеканали маълумотларига кўра, мигрантлар сони 2000–3000 нафарга етган. Сеута расмийларидан бирининг айтишича, энг юқори паллада шаҳарга ҳар дақиқада 200 га яқин одам кириб келган. Шунга ўхшаш, аммо нисбатан кичикроқ оқим Испаниянинг Марокаш билан чегарадош яна бир автоном шаҳри Мелильяда ҳам кузатилган.
Сеута расмийлари ёрдам сўраганидан сўнг, Испания ҳукумати шаҳарда Қуролли кучлар Фуқаролик гвардиясига ёрдам беришини маълум қилди.
Испания ташқи ишлар вазири Хосе Мануэль Альбарес мигрантлар оқимининг кучайишини Олий суднинг қарори билан боғлади. Суд шу ой бошида Сеута ва Мелильяга денгиз орқали келган мигрантларни ушлаш ва уларни зудлик билан қайтаришни тақиқлаган эди.
Айни пайтда, миграция оқимининг ташқи сиёсат билан боғлиқ сабаби ҳам бўлиши мумкинлиги ҳақида тахминлар пайдо бўлди. Ўтган ҳафта Испания бош вазири Педро Санчес Марокашнинг минтақадаги рақиби Жазоирга ташриф буюриб, Испания–Жазоир муносабатларида «янги босқич» бошланганини эълон қилган.
Мадриддаги Замонавий араб тадқиқотлари маркази директори Ҳайсам Амира Фернандеснинг Financial Times нашрига айтишича, Марокашдан Сеутага бундай катта миқдордаги одамларнинг қисқа вақт ичида оқиб келиши Марокаш расмийларининг камида билвосита розилигисиз амалга ошиши қийин. Унинг фикрича, бу Работнинг Мадридга норозилик сигналини етказишга қаратилган ҳаракати бўлиши мумкин.
Бунинг тарихий мисоли ҳам бор. 2021 йилда бир кунда Марокашдан Сеутага тахминан 6000 нафар мигрант кириб келган. Бу Испания тарихидаги бир кунлик энг катта миграция оқими бўлган. Ўша вақтда Марокаш Ғарбий Саҳрои Кабири масаласида Испания билан дипломатик келишмовчиликлар фонида чегара назоратини юмшатган эди.
Бироқ Испания Ички ишлар вазирлиги Марокаш ҳукумати билан ҳамкорлик давом этаётганини таъкидлаб, мигрантлар оқими атайлаб ташкил этилгани ҳақидаги тахминларни рад этди.
Миграция инқирози Испания ва Италия ўртасида ҳам жиддий баҳсга сабаб бўлди.
Италия ташқи ишлар вазири Антонио Таяни Испаниянинг миграция сиёсати кескин танқид қилди ва ҳатто Мадрид билан Шенген келишувини тўхтатиб туриш масаласини кўтарди.
Таяни, шунингдек, Испания ҳукумати январь ойида эълон қилган 500 минггача мигрантни қонунийлаштириш режасини ҳам танқид қилди.
«Испаниянинг ҳаракатлари миллий хавфсизликка таҳдид солади, жиддий хато ҳисобланади ва мигрантларни ноқонуний олиб киришга ёрдам беради», — деди Таяни ижтимоий тармоқда.
Уни Италия бош вазири Жоржа Мелони қўллаб-қувватлади.
«Сеутадан олинган тасвирлар ҳайратланарли. Назоратсиз ноқонуний миграция Европа чегаралари хавфсизлигига ҳақиқий таҳдид солаётганини яна бир бор кўрсатмоқда», — деб ёзди Мелони.
У Италия «четда турмаслигини» таъкидлаб, Испания учун салбий оқибатларнинг олдини олиш мақсадида «фавқулодда чоралар» кўрилишини билдирди. Мелонининг баёнотида Испанияни Европа Иттифоқининг Шенген эркин ҳаракатланиш ҳудудидан чиқариш эҳтимоли ҳам тилга олинди.
Испания эса Италиянинг танқидини кескин қабул қилди. Антонио Таянининг баёнотидан кўп ўтмай, Италиянинг Мадриддаги элчиси Испания Ташқи ишлар вазирлигига чақирилди.
Испания ташқи ишлар вазири Хосе Мануэль Альбарес ҳам италиялик ҳамкасбига ижтимоий тармоқ орқали жавоб қайтарди.
«Бу хабар ҳамкор ва дўст давлат ташқи ишлар вазирига ярашмайди. Биз ундан партиявий демагогияни эмас, Европа бирдамлигини кутамиз», — деди Альбарес.