Истанбулни Россия ва Украина ўртасидаги музокаралар учун жой сифатида ўзгартириш масаласи муҳокама қилинмаган.
Бу ҳақда Россия Федерацияси ташқи ишлар вазири ўринбосари Александр Грушко Ватикан музокараларнинг навбатдаги раунди ўтказиладиган жойга айланиши мумкинми, деган саволга жавоб берар экан, маълум қилди.
"Россия ташқи ишлар вазири Сергей Викторович Лавров бизнинг нуқтаи назаримизни жуда аниқ ифода этди. Истанбул - маълум бир мулоқот тажрибаси тўпланган жой", - деди у.
Грушконинг таъкидлашича, "муаммо ўтказиладиган жойларда эмас, гап моҳиятида". "Шунинг учун, ҳозирда амалий текисликда қандайдир янги жой танлаш масаласи умуман ўринли эмас. Бу ҳақда ўйлашга ҳам арзимайди", - дея таъкидлади дипломат.
Эслатиб ўтамиз, 2 июнь куни Истанбул шаҳрида Россия Федерацияси ва Украина делегациялари ўртасида музокаралар бўлиб ўтган эди. Икки давлат раҳбарларининг учрашувини ташкил этиш, асирларни алмашиш ва ўт очишни тўхтатиш масаласи муҳокама қилинди. "1000 га 1000" форматидаги энг йирик маҳбус алмашинуви 16 май куни Истанбулда бўлиб ўтган тўғридан-тўғри музокараларнинг биринчи босқичидан сўнг томонлар томонидан эълон қилинди. Ҳарбий асирларни ва тинч аҳолини алмашиш уч кун - 23-25 май кунлари давом этди ва ҳар икки томон 303 кишини бир-бирига топширди.