Ғазодаги Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотига кўра, сўнгги 24 соат ичида Исроил ҳужумлари оқибатида 39 киши ҳалок бўлди, 105 киши жароҳат олди.
Ғазо шаҳридаги бошпанага кечаси жиноятчи Исроил томонидан уюштирилган ҳужум натижасида яна бир неча фаластинлик куйиш жароҳатларидан вафот этди. Бу ерда ҳалок бўлганлар сони камида 13 кишига етди. Хабарларга кўра, 6 киши ҳамон вайроналар остида қолмоқда.
Мактаб-бошпана чоршанба куни Ғазода зарба берилган бир нечта жойлардан бири эди. Ғазо фуқаролик мудофааси ходимларининг айтишича, яқин атрофдаги иккита уйдан яна тўртта жасад топилди.
"Al Jazeera" телеканали мухбири Ҳани Маҳмуднинг Ғазо шаҳридан хабар беришича, қутқарув гуруҳлари вайроналар остида яна камида олти нафар жабрланувчи борлигини билишади, аммо уларгача етиб бора олмаяпти.
"Бу фақатгина уларнинг ҳудудга кира олмаслигида эмас," - дейди у. "Уларда вайроналарни тозалаш ва жасадларни чиқариб олиш учун зарур бўлган оғир техника ҳам йўқ."
Соғлиқни сақлаш вазирлигининг хабар беришича, сўнгги 24 соат ичида ҳудуд бўйлаб жами 39 киши ҳалок бўлган ва 105 киши жароҳат олган.
Сўнгги ҳужумлар Фаластин маъмурияти раҳбари Маҳмуд Аббос ҲАМАСни Ғазодаги қолган исроиллик асирларни озод қилишга ундаган пайтда содир бўлди.
Ғазони бошқараётган ва Аббоснинг Фаластин маъмурияти билан рақобатлашаётган ҲАМАС барча асирларни Исроил тўлиқ чекиниши ва уруш бутунлай тўхтатилиши эвазига озод қилишини айтди. Бироқ, ҲАМАС Исроилнинг қуролсизланиш талабини "қизил чизиқ" деб атаб, рад этди.