Исроилда Ғазо секторида ўт очишни тўхтатиш ва гаровга олинганларни озод қилиш бўйича келишув юзасидан баҳслар давом этмоқда. Мухолифатдаги “Миллий бирлик” партияси етакчиси ва ҳарбий кабинетнинг собиқ аъзоси Бени Гантс Бош вазир Биньямин Нетаньяхуни битим имзолашга чақирди. У, зарур бўлса, бундай битимнинг нархи “узоқ муддатли ўт очишни тўхтатиш” бўлиши мумкинлигини билдирди.
🔹 Гантснинг сўзларига кўра, асосий мақсад – барча гаровдаги шахсларни имкони борича тезроқ озод қилиш, уларни босқичма-босқич битимлар орқали “савдолашув воситаси”га айлантирмасликдир. У, шунингдек, келишув Ғазонинг демилитаризациясини ҳам ўз ичига олиши кераклигини таъкидлади.
🔸 Шу билан бирга, ҳукуматдаги ультраҳуқуқчи сиёсатчилар бундай тинчлик битимларига кескин қарши чиқмоқда. Ички хавфсизлик вазири Итамар Бен-Гвир ва молия вазири Бецалел Смотрич сулҳга қарши чиқиб, бу ҳолат ҲАМАСга куч тўплаш имконини беришини айтмоқда. Смотрич бу жараённи “Исроил хавфсизлигига энг катта таҳдид” деб атади.
❗ Бироқ, гаровдаги шахсларни куч ишлатиб озод қилиш амалиёти илгари бир неча бор фожиали якун топган. 2023 йил декабрида Шажайияда қочган уч гаровдаги шахс Исроил аскарлари томонидан адашиб ўлдирилган. Шунингдек, бир неча ҳолатларда гаровдаги шахслар Исроил армияси ўқи натижасида ҳалок бўлган.
📌 Ғазодаги уруш ва гаровдаги фуқаролар масаласи Исроил ички сиёсатида мураккаб муаммога айланган. Бир томонда – халқаро босим ва тинчлик истаги, иккинчи томонда – хавфсизлик ва сиёсий манфаатлар.