Бугун 3 август, 2025 йил, якшанба

O'ZB

Исроил Сурияда нимани кўзлаётгани очиқланди

Исроил Сурияда нимани кўзлаётгани очиқланди

Исроил Суриядаги айирмачи кучлар орқали мамлакатни бўлиб ташлашга уринмоқда. Бу ҳақда Сурия ахборот вазири Ҳамза ал-Мустафо Туркиянинг “Anadolu” ахборот агентлигига берган интервьюсида маълум қилган.

Айни пайтда Сурия жанубидаги Сувайда вилоятида айирмачилик кайфиятидаги дарзий қабилаларининг исёни давом этмоқда. Хусусан, Ҳикмат ал-Ҳажрий бошчилигидаги дарзий жамоаси Исроил дастаги билан ҳудудни Дамашқ ҳукуматидан мустақил қилишга уринмоқда. Ҳатто Сувайдани Исроил таркибига қўшиш борасида чақириқлар ҳам янграмоқда.

“Исроил Суриянинг яхлит ва барқарор бўлишини истамаётир. У мамлакатимизни пароканда ва беқарор қилишга қаратилган сиёсатни давом эттирмоқда. Афсуски, тор сиёсий манфаатларни кўзлаётган айрим ички кучлар ҳам Исроил сиёсатига кўмак бермоқда”, – дейди Сурия ахборот вазири.

“Ҳажрий” каби гуруҳларнинг айирмачилик ҳаракатларини танқид қилган Ҳамза ал-Мустафо Сурия ҳукумати гуруҳлар эмас, балки умуммиллий манфаатларни кўзлаб ҳаракат қилаётганини урғулаган.

Сурия ахборот вазири фикрича, Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу қалтис сиёсати билан бутун минтақани хавф остида қолдирмоқда. Дамашқ ҳукумати вакили Тель-Авив маъмуриятининг Суриядаги дарзийлардан мамлакатни парчалаш мақсадида фойдаланаётганини ҳам қоралаган.

Таъкидланишича, суриялик дарзийларнинг катта қисми Дамашқ ҳукуматини ёқлайди ва Исроилни босқинчи деб билади.

Ахборот вазири Ҳамза ал-Мустафо Сувайда вилоятини Суриядан ажратиш ҳам тарихий, ҳам ижтимоий жиҳатдан имконсиз эканини урғулаган.

Хабарингиз бор, жорий йил июль ойида Сувайда вилоятида дарзий қуролли гуруҳлари ва ҳукумат томонидан қўллаб-қувватланган бадавий уруғлари ўртасида тўқнашувлар қайта бошланди.

15-16 июль кунлари Исроил армияси “дарзийларни ҳимоя қилиш” даъвоси билан Сурия ҳудудига – ҳарбий техникаларга, Сурия мудофаа вазирлиги биносига ва мамлакат президенти саройи ёнида жойлашган ҳарбий объектга зарба берди.

Исроилнинг халқаро ҳуқуққа зид равишда берган зарбалари юзасидан ҳатто яқин иттифоқчиси АҚШ ҳам ташвиш билдирди.

Бу орада Оқ уйнинг аралашуви билан Сурия ва Исроил ўзаро сулҳга эришгани эълон қилинди.

Аммо Сувайда вилоятида тўқнашувлар давом этмоқда. Исроил ҳам Сурия ҳудудига янги зарбаларни истисно этмаган.

Таҳлилчиларга кўра, сўнгги вақтларда Ливан, Фаластин, Яман ва Эронга қарши ҳарбий ҳаракатлар олиб борган Исроил ҳукумати Сурияга нисбатан ҳам агрессив сиёсат юритмоқда.

Маълумот ўрнида: “Ҳайъат таҳрир аш-Шом” гуруҳи 2024 йил 8 декабрь куни Башар Асад ҳокимияти ағдарилишида муҳим ўрин тутган эди. Шундан кейин гуруҳ етакчиси Аҳмад аш-Шаръа Суриянинг амалдаги раҳбарига айланди.

Дамашқда ҳокимият алишгач, Исроил армияси Жўлон тепалиги оша Сурияга ҳудудига кирди. Асад режими қулаши ортидан Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу Сурия билан 1974 йилда имзоланган битим ҳам ўз кучини йўқотганини иддао қилди ва ўз ҳарбийларига Сурия билан чегара ҳудуди ва уни назорат қилувчи позицияларни эгаллашни буюрди.

Исроил сўнгги ойларда Сурия бўйлаб ўнлаб авиазарбалар берди.

Сиёсатшунослар Исроил вазиятдан фойдаланиб Сурияни янада заифлаштиришга уринмоқда деб ҳисоблайди.

Яқинда эса Исроил давлатининг диаспора масалалари бўйича вазири Амихай Чикли Сурия президенти Аҳмад аш-Шаръани ўлдиришга чақирганди.

Сурия томони Исроил армиясининг авиазарба ва ҳужумларига жавоб қайтармаётир.

Куни кеча Москвада Россия раҳбарияти билан музокаралар ўтказган Сурия ташқи ишлар вазири Асад аш-Шайбоний Дамашқ Тель-Авив билан урушга кириш ва Исроилга ҳужум қилиш ниятидан йироқ эканини таъкидлаган.

Киритилди: 17:17 01.08.2025. Ўқилди: 733 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!