Бугун 23 август, 2025 йил, шанба

O'ZB

Исроил Ғазони тўлиқ эгаллаш режасини бошлади, захирадаги 60 минг ҳарбийлар чақирилади

Исроил Ғазони тўлиқ эгаллаш режасини бошлади, захирадаги 60 минг ҳарбийлар чақирилади

«Гидеон II аравалари» операциясида Исроил Ғазо шаҳрини тўлиқ ишғол қилишни кўзламоқда. 780 минг фуқаронинг жанубга кўчирилиши режалаштирилган.

Исроил мудофаа вазири Йисраэл Кац Ғазо шаҳрини босиб олиш бўйича янги ҳарбий операцияни маъқуллади. Кан телеканали маълумотларига кўра, «Гидеон аравалари II» деб номланган операция ЦАҲАЛ томонидан аввал эгалланган 75 фоиз ҳудудни тўлиқ назоратга олишни кўзлайди. «Ғазо энди олдингидай бўлмайди», — деган Кац.

Операцияда 3–4 дивизия иштирок этади ва қўшимча равишда 60 минг захирадаги аскар чақирилади. Олдинги 70 минг захирачи билан бирга жами 130 минглик куч сафарбар этилади. Ҳужум олдидан 780 минг аҳоли анклав жанубига кўчирилиши керак бўлади. Исроил бу аҳоли учун ҳуманитар инфратузилма, жумладан, чодирлар ва паноҳ маскарлари ташкил қилишини билдирган.

ЦАҲАЛнинг баҳолашича, Ғазо шаҳри устидан тўлиқ назоратни икки ой ичида қўлга киритиш мумкин. Шу пайтда «ҲАМАС»нинг 7 октябрдаги ҳужумида олиб кетилган 50 нафарга яқин асирнинг камида 20 нафари ҳали ҳаёт экани айтилмоқда.

Қатар ва Миср орқали таклиф қилинган 60 кунлик муваффат оташкесим таклифини ҲАМАС қабул қилган эди. Унга кўра, 10 асир озод қилиниб, 18 нафарнинг жасади қайтарилиши керак эди. Эвазига Исроил 125 нафар умрбод қамалган фаластинлик, 1111 нафар ғазолик ва 180 нафар қурбон жасадини қайтариши лозим эди.

Бироқ Исроил бу келишувдан чекинганини эълон қилди. «Исроилнинг сиёсати ўзгармаган — биз 50 нафар асирнинг ҳаммасини қайтаришни талаб қиламиз», — деган The Jerusalem Post манбаси. Ҳукуматнинг асосий мақсади ҲАМАСни қуролсизлантириш ва Ғазони ҳарбийсизлаштириш.

Бош вазир Бинямин Нетаняҳу раҳбарлигидаги ҳукумат урушни тугатиш учун беш тамойилни тасдиқлаган: асирларни озод қилиш, ҲАМАСни батамом йўқ қилиш, Ғазони қуролсизлантириш, унинг хавфсизлигини назорат қилиш ва ҳукуматини ҲАМАС ва Фаластин маъмуриятисиз янгидан шакллантириш.

Киритилди: 17:11 20.08.2025. Ўқилди: 577 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!