Исроил армияси Ғазо секторидаги турли ҳудудларга, жумладан, яшаш уйлари ва қочқинлар жойлашган чатирларга ҳаво ва қуруқликдан зарбалар берди. Фаластин тиббий манбаларга кўра, ҳужумлар натижасида камида 16 киши ҳалок бўлди, ўнлаб инсонлар яраланди. Ҳалок бўлганлар орасида аёллар ва болалар ҳам бор.
Кун чиқиши билан Хан-Юнус шаҳридаги тинч аҳолига тегишли уй ва чатирларга ҳаво зарбалари берилди. Уйни нишонга олган ҳужумда камида 5 киши ҳалок бўлди, 10 киши жароҳатланди. Қутқарувчиларнинг маълум қилишича, вайроналар остида ҳали ҳам одамлар бўлиши мумкин.
Хан-Юнуснинг ғарбий қисмида Исроилга тегишли дрон қочқинлар лагерига зарба берди. Бу ерда бир аёл ва бола ҳалок бўлган, яна камида 9 киши яраланган.
Секторнинг жанубидаги Эль-Маваси ҳудудида ҳам Исроил армияси қочқинлар жойлашган чатирларга зарбалар берган. Ҳужум натижасида 5 киши ҳалок бўлгани, 15 нафардан ортиқ киши жароҳатлангани хабар қилинмоқда.
Ғазонинг шимолидаги Жабалия ҳудудида эса Исроил ҳарбий-ҳаво кучлари тинч аҳоли яшайдиган уйни бомбардимон қилди. Бу ерда 4 киши ҳалок бўлган, бир неча киши оғир жароҳат олган.
Исроил ҳарбийлари Ғазо секторидаги турли манзилларга ҳаво ва қуруқликдан зарбаларни давом эттирмоқда. Ҳужумлар асосан тинч аҳоли яшайдиган уйлар ва қочқинлар жойлашган ҳудудларга қаратилган.