Хабар берилишича, мамлакат ҳарбий-денгиз кучлари Ғазо секторига йўл олган Madleen кемасини тўхтатди. Бортда швед эко-фаоли Грета Тунберг ва яна 11 нафар фаол бўлган.
Исроил ТИВ баёнотига кўра, Madleen кемасининг барча йўловчилари ўз мамлакатларига депортация қилинади.
Аввалроқ Грета Тунберг Ғазо секторидаги “Исроилнинг қамалини ёриб ўтиш” ва у ерга гуманитар ёрдам етказишни мақсад қилганини айтган эди. Исроил расмийлари эса Тунбергнинг яхтаси Ғазога киритилмаслигини ва бунинг учун барча чоралар кўрилишини билдирганди.
"Ғазога ёрдам етказишнинг синовдан ўтган йўллари мавжуд ва бу Instagram учун селфиларни ўз ичига олмайди. Бортдаги “юлдузлар” фойдаланмаган гуманитар юкнинг озгина қисми Ғазо аҳолисига расмий каналлар орқали топширилади", дейилади Исроил Ташқи ишлар вазирлиги баёнотида.
Ижтимоий тармоқларда “Озодлик флотилияси” вакиллари кемадаги кўнгиллилар Исроил ҳарбийлари томонидан ўғирлаб кетилганини билдирган ва жаҳон ҳамжамиятини уларнинг хавфсизлигини таъминлаш учун Исроил Ташқи ишлар вазирлигига босим ўтказишга чақирган.