Исроил ўтган ҳафта Кнессетда биринчи ўқишда маъқулланган қонун лойиҳаси доирасида фаластинлик маҳбусларни қатл этиш учун ўлдирувчи инъекциядан фойдаланишни режалаштирмоқда. Бу ҳақда маҳаллий ОАВ — 12-канал хабар берди.
Нашрга кўра, фаластинлик маҳбусларга нисбатан ўлим жазосини жорий этишни кўзда тутувчи қонун лойиҳасининг асосий бандлари Исроил Миллий хавфсизлик кенгашига тақдим этилган.
Манбалар қайд этишича, агар қонун қабул қилинса:
ўлим жазоси кўпчилик овоз билан қўлланилади;
маҳкумларга судга шикоят қилиш ҳуқуқи бериламайди;
жазо енгиллаштирилмайди ва афв этиш мумкин бўлмайди;
ҳукм чиқарилгандан сўнг 90 кун ичида ўлдирувчи инъекция орқали қатл этиш амалга оширилади.
12-канал маълумотида, ушбу чора “ирқчилик асосида исроилликларни ўлдирган” фаластинликларга татбиқ этилиши таъкидланади.
Фаластинлик маҳбусларга ўлим жазосини жорий этишга оид қонун лойиҳаси 11 ноябрь куни биринчи ўқишдан ўтган.
Овоз беришдан кейин ўта ўнгчи Миллий хавфсизлик вазири Итамар Бен-Гвир X ижтимоий тармоғида ўз партияси — Otzma Yehudit “тарих яратаётганини” маълум қилди.
“Биз ваъда бердик ва бажардик. Террорчилар учун ўлим жазоси ҳақидаги қонун биринчи ўқишдан ўтди”, — деди у.
Бен-Гвир аввал ҳам фаластинликлар учун қатл жазосини жорий этиш зарурлигини бир неча бор таъкидлаган.
Қонун кучга кириши учун Кнессетда яна учта ўқишдан ўтиши керак.
Халқаро ва маҳаллий инсон ҳуқуқлари ташкилотларига кўра, Исроил ҳозирда 10 000 дан ортиқ фаластинликни, жумладан аёллар ва болаларни қамоқда ушлаб турибди.
Маълумотларга кўра, уларнинг кўпчилиги:
қийноқларга,
очлик ва шифокорсиз қолдиришга,
шафқатсиз муомалага дуч келмоқда.
Инсон ҳуқуқлари ҳақидаги ҳисоботларда айтилишича, қамоқхоналардаги оғир шароитлар аллақачон бир нечта маҳбусларнинг ўлимига сабаб бўлган.