The Guardian нашрининг хабар беришича, Исроил босиб олинган Ғарбий соҳилдаги ерлар ва минтақа тарихини ўз назоратига олиш кампанияси доирасида Байтлаҳм шаҳри яқинидаги қадимий “Сулаймон ҳовузлари” сув омборини эгаллаб олиш билан таҳдид қилди.
Май ойида Исроил молия вазири Бецалел Смотрич бу ҳудудда фаластинликлар эгалигини тасдиқловчи 30 йиллик келишувларни бекор қилишини айтганидан бери, бу ерда Исроил ҳарбийлари ва кўчманчилари фаоллашди. Яқинда аскарлар ҳовузда болалар чўмилаётган пайтда кўздан ёш оқизувчи газ ҳам ишлатган.
Ушбу қадимий ҳовузлар тизими милоддан аввалги II асрга бориб тақалади. Уларни римликлар Қуддусни сув билан таъминлаш учун қурган. Кейинчалик Усмонийлар ва инглизлар тизимни кенгайтириб, модернизация қилган.
Ҳозирда бу жой Байтлаҳм аҳолиси учун ягона дам олиш масканига айланган. Атрофи Исроил аҳоли пунктлари билан ўралган шаҳар халқи бу ерга чўмилиш, балиқ овлаш ва пикник қилиш учун келади.
1995 йилдаги Осло келишувига кўра, бу ҳудуд Фаластин маъмурияти назоратидаги “А зонаси”га киради. Шу пайтгача бу зона дахлсиз ҳисобланарди. Исроил молия вазири Смотрич эса ушбу ҳудудни Фаластин ихтиёрида қолдиришни Ослодаги “даҳшатли хато” деб атаган. Экспертларнинг фикрича, ҳовузларнинг тортиб олиниши халқаро келишувларни бутунлай йўққа чиқаради.
Исроил томони бу мажмуани “яҳудийларга хос” мерос деб даъво қилмоқда ва унинг номи шоҳ Сулаймон билан боғлиқлигини айтмоқда. Бироқ археологлар буни рад этади: шоҳ Сулаймон ҳовузлар қурилишидан 800 йил аввал ўтган. Сулаймон номи ХVI асрда Қуддус деворларини таъмирлаган Усмонийлар султони Сулаймон Қонуний билан боғлиқ.