Эрондан келаётган ядровий ва ракета "таҳдидлари" бартараф этилди, Исроил армиясининг амалиёти бу лойиҳаларнинг ривожланишини йиллар давомида орқага сурди.
Бу ҳақда Исроил армияси расмий вакили Авихай Адраи маълум қилди.
"Операциянинг асосий мақсади ҳам Эрон ядро лойиҳаси, ҳам ракета дастуридан келиб чиққан Исроил давлати учун ядровий таҳдид ва экзистенсиал хавфни бартараф этиш эди. Бизнинг баҳолашимизча, биз бу дастурларнинг ривожланишини узоқ йилларга орқага қайтаришга муваффақ бўлдик", деди Авихай Адраи.
Агентлик суҳбатдошининг сўзларига кўра, Исроил армияси "Кўтарилган шер" операцияси доирасида мамлакат сиёсий раҳбарияти томонидан қўйилган барча вазифаларни бажарган.
Эрон олий раҳнамоси Оятуллоҳ Али Хоманаий аввалроқ 12 кунлик можародан сўнг Теҳрон Тель-Авив устидан ғалаба қозонганини эълон қилди ва Эрон халқини Исроил устидан қозонилган ғалаба билан табриклади.
Ислом Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги расмий вакили Ҳусайн Керманпурнинг маълум қилишича, Исроилнинг Эрон ҳудудига уюштирган ҳужумлари натижасида 620 дан ортиқ одам ҳалок бўлган, 4870 киши жароҳатланган. Ўз навбатида, Исроил 20 дан ортиқ одам ҳалок бўлганини ва 1470 дан ортиқ киши жароҳатланганини айтди.