9 сентябрь куни Исроил халқаро ҳуқуқни бузган ва “қизил чегаралар”ни ҳатлаган ҳолда Қатар пойтахти Доҳа шаҳрига авиаҳужум уюштирди. АҚШнинг яқин иттифоқчиси саналган давлат ҳудудида уюштирилган портлашлар Яқин Шарқ минтақасида кучлар мувозанатини ўзгартириб қолмай, Вашингтонга бўлган ишончсизликни янада орттиради.
Аввал хабар берганимиздек, Исроил ҳаво кучлари ҲАМАС ҳаракатининг Доҳадаги қароргоҳини бомбалаган. Исроил расмийлари ҳужум Фаластин ҳаракатининг юқори раҳбариятига қаратилганини маълум қилган.
ҲАМАС вакиллари АҚШ томонидан таклиф этилган Ғазо секторида ўт очишни тўхтатиш бўйича таклифни муҳокама қилиш учун йиғилган пайтда ҳужумга учраган.
Даставвал ОАВ ҳужум оқибатида ҲАМАСнинг Ғазо секторидаги раҳбари Халил ал-Ҳайя ва яна бир қатор юқори мартабали мулозимлар ҳалок бўлгани ҳақида хабар берди. Кейинроқ суиқасддан ҲАМАС етакчилари омон қолгани, аммо Халил ал-Ҳайянинг ўғли ва яна бир неча фаластинлик ўлдирилгани маълум қилинди.
Қатарда бомбалар портлашидан кўп ўтмай Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу ҳужум учун масъулиятни бўйнига олиб, ҲАМАС етакчиларига қарши қаратилган ҳужум Ғазода урушни тўхтатишга йўл очишини иддао қилди.
Исроил раҳбарияти Қатарга қарши амалиётни мустақил ҳолда олиб борганини маълум қилди. Аммо аксар таҳлилчилар яҳудий давлати бундай кўламдаги амалиётни АҚШ рухсати ёки ёрдамисиз амалга ошира олмаслигини айтмоқда.
Нетаняҳу Қатарга ҳужумга рухсат бермоқда.
Фото: Шин-Бет
Оқ уй матбуот котиби Каролин Левитт Вашингтон Исроилнинг ҳужумлари ҳақида Қатар раҳбариятини огоҳлантирганини айтган. Аммо Қатар томони
ҳужум ҳақида аввалдан огоҳлантирилмагани, АҚШ вакиллари портлашлардан ўн дақиқа ўтиб қўнғироқ қилганини билдирган.
Президент Доналд Трамп ижтимоий тармоқлардаги расмий саҳифасида АҚШнинг яқин иттифоқчиси бўлган суверен Қатарга ҳужум уюштирилишини на Исроил, на АҚШ мақсадларига тўғри келмаслигини таъкидлагани ҳолда, ҲАМАСни йўқ қилиш мақсадини оқлаган. “Бу қарорни мен эмас, Нетаняҳу қабул қилди” деб баёнот берган Трамп Доҳага ҳужумдан афсус билдирган, холос. Шунингдек, у Қатар амири Шайх Тамим бин Ҳамад Ол Соний билан суҳбатлашгани ва уни бундай ҳодиса Қатар заминида бошқа қайтарилмаслигига ишонтирганини айтган.
Расмий Вашингтоннинг Қатарга ҳужумни очиқ қораламагани унинг ҳужумдан аввалдан хабардор бўлгани ва унга рухсат берганини тасдиқлайди.
Axios нашри ҳисоб-китобига кўра, Исроил 2023 йил 7 октябрдан кейин Яқин Шарқдаги етти давлат (Фаластин, Ливан, Ироқ, Сурия, Эрон, Яман ва Қатар) ҳудудига тўғридан-тўғри ҳужум уюштирди.
Тель-Авивнинг урушқоқ сиёсати эса АҚШ томонидан дастакланмоқда.
“Таҳлилий нуқтаи назардан айтсам, Исроил АҚШ “яшил чироқ” ёқмаса, бундай ҳужумни амалга ошира олмасди. Агар АҚШ “яшил чироқ” ёқмаган бўлса, ушбу хатти-ҳаракатни қоралаб баёнот бериши керак эди”, – дейди сиёсий таҳлилчи Марван Бишар.
Cиёсатшунос Михаил Магид ҳам Қатарга ҳужум Трампнинг “оқ фотиҳаси” билан уюштирилган деб ҳисоблайди.
“Трамп ва ҲАМАС Ғазо бўйича Исроил ва ҲАМАС битимига доир талабларни келишиб олган. ҲАМАСнинг барча сиёсий раҳбарияти ушбу таклифларни муҳокама қилиш учун Қатар пойтахти Доҳага йиғилган. Трамп Исроилга ушбу йиғилиш иштирокчиларига ҳужум қилишга рухсат берган”, – деб ёзади Михаил Магид.
CNN Қатарга ҳужумни таҳлил қилар экан, нозик бир нуқтага эътибор қаратган. Нашрнинг ёзишича, АҚШ ва Исроилнинг ўзи Қатар раҳбариятидан ҲАМАС етакчиларини қабул қилишни сўраган.
“(Исроилнинг ҳужуми) узоқ бир ҳудуддаги махфий террор мажмуасига зарба эмас, балки балки АҚШ ва Исроилга аввалдан маълум бўлган объектга зарба эди. Ҳар икки томон билан яқин ҳамкорлик қилаётган мамлакат пойтахтига зарба. Бу мисли кўрилмаган ҳодисадир”, – деб ёзади CNN.
Қатар раҳбарияти Исроилнинг ҳужумини “қўрқоқларча ҳаракат”, “халқаро ҳуқуқнинг қўпол равишда бузилиши” деб қоралаб, бунга ҳуқуқий жавоб қайтарилишини билдирди. Расмий Доҳа Тель-Авивга ҳарбий йўл билан жавоб қайтариш ҳуқуқини ўзида сақлаб қолишини ҳам маълум қилди.
Қатар АҚШнинг Яқин Шарқдаги энг яқин иттифоқчиси ҳисобланади. Ушбу мамлакат ҳудудида Қўшма Штатларнинг минтақадаги энг катта ҳарбий базаси жойлашган. Икки томонлама битимга кўра, АҚШ Қатарни турли таҳдидлардан ҳимоя қилиши керак, аммо амалда АҚШ Исроилга яқин иттифоқчиси ҳудудида бомбаларни портлатишга рухсат бермоқда.
Қайд этиш керакки, Исроил Доҳанинг тинч аҳоли вакиллари яшайдиган энг гавжум ҳудудига бомба ташлаган. Ҳужум оқибатида ҲАМАС вакилларидан ташқари Қатар полицияси вакили ҳам ҳалок бўлган, яна бир неча қатарлик жароҳатланган.
Ҳужум оқибатида қатарлик полициячи ҳам ҳалок бўлган.
Фото: Reuters
Тақдирнинг ҳазилини кўрингки, Исроил қирувчи учоқларига ёнилғи қуйган самолётлар айнан Қатардаги Ал-Удейд ҳарбий базасидан парвоз қилган бўлиши мумкин.
АҚШдан муттасил моддий, ҳарбий кўмак олувчи Исроилдан фарқли ўлароқ Қатар бой давлат сифатида Қўшма Штатлар иқтисодиётига жуда катта миқдорда сармоя киритган.
Жорий йил май ойида Трампнинг Қатарга ташрифи якунида ҳам рекорд даражадаги (1,2 триллион долларлик) битимлар имзоланган эди.
Боз устига, Қатар Трампнинг кўнглини хушнуд этиш учун 400 миллион долларлик самолёт совға қилгани ҳам маълум.
Таҳлилларга қараганда, Исроилнинг Қатарга ҳужуми АҚШ иттифоқчиларида “Бундан кейин Вашингтонга ишониб бўлмайди” деган фикрни янада кучайтиради.
Халқаро алоқалар бўйича Европа кенгашининг илмий ходими Чинция Бьянконинг фикрича, сўнгги ҳодисалар нафақат Қатар, балки бошқа араб монархияларида ҳам “АҚШ ҳарбий соҳада ишончли иттифоқчи эмас” деган нуқтаи назарни мустаҳкамлайди.
“АҚШ базаси, америкалик ҳарбийларнинг мамлакатга жойлаштирилиши тийиб туришнинг самарали усули эди, аммо бу ўз кучини йўқотмоқда”, – дейди Чинция Бьянко.
Сиёсатшуносларга кўра, сўнгги ҳодисалар араб давлатларининг АҚШдан масофа сақлаб, Глобал Жануб томон яқинлашувига сабаб бўлиши мумкин. Қолаверса, минтақа давлатларида Исроилга қарши кайфиятни янада кучайтиради.
Маълумот ўрнида: Исроилнинг Доҳага ҳужумини БМТ бош котиби Антониу Гутерриш Қатар суверенитети ва ҳудудий яхлитлигининг қўпол равишда бузилиши деб қоралади.
Ўзбекистон ҳам буни Қатар суверенитетини бузиш, чегаралар дахлсизлиги ва хавфсизлигига тажовуз деб баҳолади.