Итамар Бен-Гвир Оқ уй Эрон томони билан келишиб олган тинчлик келишувини кескин рад этди ва ҳарбий қарорларни қабул қилишда Исроилнинг суверен ҳуқуқига урғу берди.
«Трампнинг келишуви биз учун мажбурий эмас. Исроил АҚШнинг мустамлакаси эмас», — деди Бен-Гвир X ижтимоий тармоғидаги саҳифасида.
Сиёсатчи айниқса Ливанга оид бандлардан норози эканини билдирди. Унинг фикрича, Исроил армияси Ҳизбуллоҳ тўлиқ қуролсизлантирилмагунча Ливанда эгаллаб турган позицияларини тарк этмаслиги лозим.
«Биз хавфсизлигимизни таъминламайдиган бу келишувнинг томони эмасмиз ва у биз учун ҳеч қандай мажбурият юкламайди. Биз Ҳизбуллоҳнинг тўлиқ қуролсизлантирилишидан кам нарсага рози бўлмаслигимиз керак. Исроилга қарши очилган ҳар қандай ўтга жавоб қайтаришда бир лаҳза ҳам сукут сақламаслигимиз лозим», — деди Миллий хавфсизлик вазирлиги раҳбари.
Бен-Гвирнинг фикрича, Ливан ҳудудидан бўладиган ҳар қандай провокацияга жавобан Исроил Байрут шаҳридаги муҳим объектларга зарба бериши керак. Унинг таъкидлашича, ҳар бир учирилган дрон ёки ракета дарҳол пойтахтнинг Даҳия туманига қилинган ҳужум билан жавоб қайтарилиши лозим.
Бундан аввал Шаҳбоз Шариф Вашингтон ва Теҳрон ўртасида келишувга эришилганини маълум қилган эди. Унинг сўзларига кўра, мазкур келишувлар «Ливанни ҳам ўз ичига олган ҳолда барча фронтларда ҳарбий операцияларни зудлик билан ва якуний тўхтатишни» назарда тутади.
Эрон ташқи ишлар вазири ўринбосари Козем Ғарибободий ҳам Вашингтон билан музокаралар муваффақиятли якунланганини расман тасдиқлади. Эронлик дипломатнинг билдиришича, томонлар ўзаро англашув меморандумини 19 июнь куни Швейцарияда имзолашни режалаштирмоқда.