Бугун 15 июнь, 2026 йил, душанба

O'ZB

Файзуллаев ЖЧдаги дебют олдидан Каннаваро берган маслаҳатлар ҳақида гапирди

Файзуллаев ЖЧдаги дебют олдидан Каннаваро берган маслаҳатлар ҳақида гапирди

Ўзбекистон терма жамоаси ярим ҳимоячиси Аббосбек Файзуллаев «СЭ» нашрига берган интервьюсида бош мураббий Фабио Каннаваро ЖЧ-2026 йилги дебют олдидан жамоага қандай маслаҳатлар берганини айтиб ўтди.

— Сизни ҳаётингиздаги илк Жаҳон чемпионати старти билан табриклайман. Ҳозир кўнглингиздан нималар ўтяпти?

— Жуда хурсандман ва ҳаяжонланяпман. Болалигимдан буни орзу қилгандим — мана, энди дебютга бир қадам қолди. Менинг ёдимда қолган илк Жаҳон чемпионати 2010 йили Жанубий Африкада бўлиб ўтганди. Эътиборлиси, ўшанда очилиш учрашувини — худди ҳозиргидек Мексика ва ЖАР терма жамоалари ўртасидаги ўйинни ўзимизнинг ўзбекистонлик ҳакам Равшан Эрматов бошқарган эди. Ўшанда мен олти ёшда эдим. Дадам билан буни қандай томоша қилганимиз ва ватандошимиз шундай катта байрамнинг бир қисми бўлганидан хурсанд бўлганимиз эсимда. Ўша пайтдан бошлаб Жаҳон чемпионатига боришни ва у ерда ўйнашни орзу қилардим.

— Эрматов ҳозир — ўзбек футболининг раҳбарларидан бири. У ўзи ишлаган Жаҳон чемпионатлари ҳақида бирор нарса сўзлаб бердими?

— У Жаҳон чемпионати биз кўрган нарсаларга қараганда бутунлай бошқача ҳис-туйғулар даражаси эканини айтди. У ерга йўл олиш осон бўлмади, лекин биз буни уддаладик ва бутун халқимизнинг орзусини амалга оширдик. Тарихимизда илк бор финал босқичига чиқишга муваффақ бўлдик ва айнан биз буни уддалаганимиздан фахрланамиз.

— Бош мураббий Фабио Каннаваро сизларни тинчлантиряптими? Ахир у ўз вақтида Италия терма жамоаси билан ғолиб чиққан ЖЧ-2006 нинг энг яхши футболчиси деб топилган. Шу боисдан ҳам унинг сўзлари сиз учун катта вазнга эга бўлиши керак.

— Албатта, у биз билан ўз тажрибасини ўртоқлашмоқда. Ва устимиздаги босимни олиб ташлаяпти. У босимни ўз зиммасига олмоқда ва бизга, энг аввало, бу кунлардан завқланишимиз кераклигини айтяпти, чунки биз биринчи Жаҳон чемпионатимизга келдик. Ва шунчаки ўйнаш керак, чунки бизда йўқотадиган нарса йўқ. Балки бу бизга бир оз устунлик ҳам берар. Бизнинг энг бош мотивациямиз — халқимиз биз билан фахрланишидир.

Албатта, биз энг қийин гуруҳлардан бирига (Португалия, Колумбия, Конго ДР) тушганмиз. Колумбия ва Португалия каби терма жамоаларга қарши ўйнашимиз маълум маънода яхши ҳам. Лекин Конго ДРни ҳам кучсиз деб айтмаган бўлардим, чунки африкалик футболчилар жисмонан жуда бақувват ва ҳар қандай рақибга жиддий қаршилик кўрсата олишади. Менимча, барча ўйинлар жуда қийин кечади. Нафақат биз учун, балки улар учун ҳам, чунки улар ҳали бизни билишмайди ва биз уларга сюрприз тақдим этишимиз мумкин.

Ўзбекистон терма жамоаси ЖЧ-2026 даги илк ўйинини пайшанбага ўтар кечаси, 18 июнь куни ўтказади. Жамоа Колумбия билан тўқнаш келади, ўйин Тошкент вақти билан соат 07:00 да бошланади.

Киритилди: Бугун 07:53. Ўқилди: 506 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!