Президент гиёҳвандлик воситалари савдосига қарши муросасиз курашиш ва жамиятни ушбу таҳдиддан ҳимоя қилишга қаратилган қонунни имзолади.
Президент Администрацияси раҳбари Саида Мирзиёева бунга муносабат билдирди.
"Гиёҳвандлик моддалари инсон ҳаёти, оилалар ва болалар саломатлигини барбод қилади. Бу — мамлакат генофонди ҳамда унинг келажагига берилган тўғридан-тўғри зарба.
Янги қонунда наркотикларни тарқатишнинг замонавий усулларини жиловлаш кўзда тутилган, бундай жиноятлар учун жазо чоралари кучайтирилган ва вояга етмаганларни ҳимоя қилишга алоҳида эътибор қаратилган.
Ушбу масалани шахсан ўз назоратимга олдим.
Бу курашда четда томошабин бўлиб туришга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ. Зеро, жуда кўп нарса ўзимизга — ота-оналарга, мактаб ва маҳаллага ҳамда ён-атрофидаги ҳодисаларга бефарқ бўлмаган ҳар бир инсонга боғлиқ", деб ёзади у.