Нашр хабарига кўра, Испания жануби-шарқидаги Аликанте халқаро аэропортининг учиш-қўниш йўлаги яқинида кеча 27 октябр кечқурун номаълум учувчисиз аппарат аниқланган. Шу сабабли, самолётларнинг қабул қилиниши ва жўнатилиши икки соатга тўхтатилган, бир нечта рейс яқин атрофдаги аэропортларга йўналтирилган.
Испания ҳуқуқ-тартибот органлари дронни ким ва қаердан учирганлиги бўйича тергов олиб бормоқда. Қидирув ишлари аэропортга яқин жойлашган Торрелиано ҳудудида амалга оширилмоқда. Дронларни аниқлаш, кузатиш ва бартараф этиш имконини берувчи AeroScope тизимидан фойдаланилмоқда.
Сўнгги ҳафталарда Германия, Дания ва Норвегияда, жумладан аэропортлар яқинида, номаълум учувчисиз учиш аппаратлари бир неча бор кузатилди, бу эса уларнинг фаолиятига халақит берди. Дронларни учирганликда Россия гумонланмоқда, Москва эса бу айбловларни рад этмоқда.