Россия Ташқи ишлар вазирлигининг Киев режими жиноятлари махсус топшириқлар бўйича элчиси Родион Мирошник РИА Новостига берган интервьюсида фронтолди вазият, асирлар ва ҳалок бўлган ҳарбийларга муносабат ҳақида сўз юритди.
Мирошникнинг сўзларига кўра, фронтга яқин ҳудудларда аҳоли доимий дрон ҳужумлари сабаб "дарахтдан дарахтга ҳаракатланишни ўрганган".
Дипломатнинг таъкидлашича, Украина асирлар алмашинувида фақат радикал гуруҳ аъзоларини қайтаришга ҳаракат қилмоқда, оддий ҳарбий хизматчилар эса эътибордан четда қолмоқда.
Шу билан бирга, Россия Курск вилоятининг 13 нафар фуқаросини қайтариш бўйича халқаро ташкилотлар орқали музокаралар олиб бормоқда. Украина эса уларни босим ва манипуляция воситаси сифатида ушлаб турибди.
Мирошникнинг маълум қилишича, Москва ҳалок бўлган украин ҳарбийларининг жасадларини топширишга тайёр, аммо Киев бу борада ҳеч қандай ташаббус кўрсатмаяпти.
“Мурдани олиш истаги — фақат сўзда. Киев расмийлари учун аскарлар — қурбон қилинадиган одамлар”, — деди Мирошник.
Унинг таъкидлашича, Украина раҳбарияти ҳақиқий йўқотишларни яшириш ва ҳалок бўлганларнинг оилаларига тўловларни камайтириш орқали “енгилмаслик” имижини сақлаб қолишга интилмоқда.
“Элиталар фронтга оддий одамларни юборади, лекин ўз фарзандларини эмас”, — деди дипломат.
Мирошник топширилган жасадлар “денгиздан томчи” эканини қайд этиб, гуманитар масалаларни ҳал қилишда халқаро ташкилотлар фаолроқ иштирок этишига умид билдирди.