Бугун 30 октябрь, 2024 йил, чоршанба

O'ZB

Испанияда кучли сел келиши ва сув тошқинлари оқибатида 50 дан ортиқ одам ҳалок бўлди

Испанияда кучли сел келиши ва сув тошқинлари оқибатида 50 дан ортиқ одам ҳалок бўлди


Испаниянинг Валенция минтақасида кучли ёмғир сабаб бўлган сув тошқинлари камида 51 кишининг ҳаётига зомин бўлди, дея хабар беради маҳаллий ҳукумат.

Вилоят ҳукумати раҳбари Карлос Мазоннинг айтишича, жабрланган ҳудудларда қутқарув операцияси давом этмоқда ва ҳозирча ҳалок бўлганларнинг аниқ сонини аниқлашнинг имкони йўқ.

Ижтимоий тармоқларда сув оқимлари кўприклар ва машиналарни қандай ювиб кетаётгани акс этган кадрлар чоп этилмоқда. Айрим видеоларда одамлар тошқиндан қутулиш учун дарахтларга чиқишаётганини кўриш мумкин.

Испаниянинг шарқи ва жанубида кучли ёмғир ёғиб, кўплаб ҳудудларни сув босган, темир йўл ва ҳаво алоқалари ҳам узилиб қолган.

Валенцияга қўниши керак бўлган баъзи рейслар бекор қилинди ёки бошқа минтақаларга йўналтирилди. Испаниянинг ушбу ҳудудида темир йўл қатнови ҳам бутунлай тўхтатилган.


Испаниялик метеорологларнинг маълумотларига кўра, Валенцияда бор-йўғи саккиз соат ичида 491 мм ёғингарчилик тушди, бу тахминан йиллик нормага тўғри келади.

Хабарларга кўра, сув босган ҳудудларда қолиб кетган юзлаб маҳаллий аҳоли ёрдам ёки бедарак йўқолган қариндошлари ҳақида маълумот олиш мақсадида ОАВга қўнғироқ қилмоқда.

Қутқарув хизматлари одамларни қидириш учун дронлардан фойдаланади.

Ўнлаб Валенция аҳолиси тун бўйи ўз машиналарида, шунингдек, том ва кўприкларда қутқарувчиларни кутишди, деб ёзади маҳаллий ОАВ.

«Биз мисли кўрилмаган вазиятга дуч келдик, уни ҳеч ким эсламайди», деди Мазон.

Бир кун аввал расмийлар Валенция ва жануби-шарқдаги Албасете провинциясида камида етти киши бедарак йўқолганини маълум қилган эди.


Испания давлат метеорология агентлиги AEMET Валенция ва Андалусиянинг айрим қисмлари учун огоҳлантириш даражасини оширганини эълон қилди.

Валенция мерияси чоршанба куни мактаб дарслари ва спорт тадбирлари бекор қилинишини ва шаҳар боғлари ёпиқ бўлишини айтди.

Испания бош вазири Педро Санчес бедарак йўқолганлар ҳақидаги хабарларни хавотир билан кузатиб бораётганини айтди ва жабрланган ҳудудлар аҳолисини «кераксиз саёҳатлардан қочишга» чақирди.

Киритилди: Бугун 15:12. Ўқилди: 228 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!