"BLS" халқаро виза компанияси сайтида маълум қилинишича, уларнинг Москвадаги бўлимида ҳужжатларни кўриб чиқиш муддати 45 кунгача чўзилиши мумкин. Бу Шенген визаси учун аризалар сони сезиларли даражада ошгани билан изоҳланмоқда.
Аввалроқ Италиянинг Москвадаги виза маркази ҳам юқори талаб туфайли виза бериш муддатини 60 кунгача узайтирган эди. Россия туроператорлари уюшмасининг аниқлик киритишича, олдин россияликлар Италия визасини 40 кун ичида олишлари мумкин эди.
Июн ойида Европа комиссияси 2027 йилдан бошлаб Россия фуқаролари учун виза беришни кучайтиришга ваъда берганди. Шу билан бирга, Еврокомиссия виза бериш ҳар бир аъзо давлатнинг ўз ихтиёрида қолишини, Брюссел эса фақат умумий назоратни амалга оширишини таъкидлаган.